Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 сентябрь куни Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Чху Гён Хо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида Бош вазир ўринбосари Чху Гён Хо давлатимиз раҳбарига Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёлнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Суҳбатда азалдан яқин дўстлик ришталарига, халқларимизнинг менталитети, анъана ва қадриятлари ўхшашлигига асосланган икки томонлама алоқалар изчил ривожланиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти Жанубий Корея билан кенг кўламли ҳамкорликнинг янги иқтисодий кун тартибини шакллантириш масалаларига тўхталди.
Кейинги йилларда ўзаро савдо ва инвестиция кўрсаткичлари барқарор ошиб бормоқда. Ўтган йилда товар айирбошлаш 24 фоизга кўпайди. Мамлакатимизда қарийб мингта қўшма корхона фаолият юритмоқда, Кореядан инвестициялар ҳажми 7 миллиард доллардан ошди.
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Корея Эксимбанки ва унинг фондлари билан кўп йиллар давомида самарали ҳамкорлик қилинаётгани, улар билан биргаликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил этгани юқори баҳоланди.
Муваффақиятли амалга оширилган қўшма лойиҳалар қаторида кўп тармоқли болалар шифохонаси, тўқимачилик технопарки, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ва нодир металлар бўйича марказлар қайд этилди.
Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари билан технологик ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни жадаллаштириш, инфатузилма, “яшил” энергетика, давлат бошқаруви, молия, рақамлаштириш ва кадрлар тайёрлаш борасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида кўрсатиб ўтилди.
Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида самарали мулоқотларни йўлга қўйиш ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш учун кенг имкониятлар борлиги таъкидланди.