Йўловчилар таксичилардан нега норози? ёхуд кечиккан, қўшимча ҳақ олган таксичиларга танбеҳ берилди
Ҳар куни эрта тонгдан ишга ёки ўқишга борувчилар жамоат транспортининг асосий фойдаланувчилари ҳисобланади. Керакли манзилга ўз вақтида, бехавотир етиб олишда кўпчилик автобус, метро ёки минибуслар хизматидан фойдаланса, бошқалар такси ёхуд йўловчи машиналарга мурожаат қилишади. Хуллас, ҳар ким ўз эҳтиёжи ва моддий имкониятидан келиб чиқиб, энг маъқулини танлайди. Умуман олганда, ҳозирги пайтда кўзлаган манзилингизга етиб олиш у қадар қийинчилик туғдирмайди. Фақатгина баъзи ҳолларда ҳайдовчиларнинг масъулиятсизлиги оқибатида йўловчиларда айрим эътирозлар учраб туради.
Хусусан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бошқармаларига фуқаролар томонидан таксилар орқали кўрсатилаётган хизматларнинг сифати пастлиги, тўловлар ва ҳисоб-китоблар билан боғлиқ муаммолар, ҳайдовчиларнинг муомаласи, йўловчининг манзилга етказиб қўйилмагани, асоссиз равишда нархларни ошириш каби мавзуларда бир қатор мурожаатлар келиб тушган. Бу мурожатлар вилоятлар кесимида ўрганилган ва айтилган ўзбошимчаликлар тасдиқланиб, айбдорларга тегишли кўрсатмалар берилган.
Эксперт: Отабек Садуллоев, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бўлим бошлиғи
Нархлар сунъий равишда оширилган
— Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Тошкент вилояти транспорт бошқармаси Нурафшон шаҳрида ўтказилган рейд тадбирлари натижасида, “DAVR TRANS SERVIS” МЧЖга бириктирилган “Нурафшон АШБ-Кучлик қўрғони-Аранча МФЙ” йўналишида (тасдиқланган жадвалга асосан йўл ҳақи 2800 сўм) нархларни сунъий равишда оширган ҳолда, ҳайдовчилар томонидан 5000-7000 сўмгача миқдорда йўловчилардан йўл ҳақи олинаётганлиги аниқланган.
Шу муносабат билан Вилоят Транспорт бошқармаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколат доирасида чора кўришни сўраб, қўмитанинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига маълумот киритган.
Ўрганишлар натижасида, истеъмолчилардан 5 млн сўмдан зиёд маблағлар асоссиз равишда ундириб келинганлиги аниқланиб, уларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича “DAVR TRANS SERVIS” МЧЖга тегишли кўрсатма берилди.
Ҳудудий бошқарма томонидан фуқаро Ш.Х.дан тушган мурожаат ўрганилганда Когон шаҳрида 103 ва 114-йўналишида ҳаракатланаётган DAMAS ҳайдовчилари томонидан йўл кира ҳақини асоссиз равишда ошириб хизмат кўрсатаётганлиги маълум бўлди.
Ҳудудий бошқарма томонидан Бухоро вилояти ҳудудида йўловчи ташиш билан шуғулланиб келаётган транспорт воситалари лицензиялари текширилди. Қатновларда лицензиясиз ва рухсат этувчи ҳужжатларсиз йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган бир қатор транспорт воситалари аниқланиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Нақд пул ҳам олинган, пластикдан ҳам ечилган…
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Тошкент шаҳрида ҳудудий бошқармасига “Yandex” такси хизмати бўйича буюртмачи йўл ҳақини нақд пулда тўлашига қарамай, банк пластик картасидан ҳам йўлкирага такрор пул ечиб олингани юзасидан бир қатор фуқароларнинг мурожаатлари келиб тушган.
Бундан ташқари, буюртма қилинган торт, таомлар, маиший техникаларни таксилар орқали етказишда ҳам муаммоларга дуч келган истеъмолчилар ҳам мурожаатлар қилган. Уларнинг маълум қилишича, буюуртмалар нотўғри манзилга етказилган, кечиктирилган ёки умуман айтилган жойга олиб келинмаган. Бу борадаги мурожаатлар ҳам ўрганилиб, мижозларга етказилган зарар ундириб берилди, масъулиятсизлик қилган ҳайдовчиларга чора кўрилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 21-моддасига асосан сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.
Жумладан “Глобал Стар” МЧЖ такси хизмати кўрсатувчи корхона томонидан бундай қоидабузилишларга йўл қўйган ҳайдовчилар “ЯндексГо” иловасида блокланган, “Yandex” такси кўрсатмаган хизматлари учун тўловларни амалга оширган фуқароларга жами 1 009 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари қайтарилиши таъминланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидаларининг 100-бандига мувофиқ, йўл ҳақи йўловчи томонидан сафар тугагандан кейин ва багаж туширилгандан кейин у билан келган йўловчилар ҳамда ташиб келтирилган багаж сонидан қатъий назар, таксометр кўрсаткичи бўйича тўланади.
Маълумот учун:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги“Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг 3-бандида, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда (инсоннинг соғлигии ва ҳаётига зарар етказилган ҳолатлар бундан мустасно) маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилишидан озод этиладилар деб белгиланган.
СОТИЛАЁТГАН АНТИФРИЗЛАРНИНГ СИФАТИ ТАЛАБ ДАРАЖАСИДАМИ?
Эксперт: Тимур Шахмардонов, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бош мутахассиси
Қиш мавсуми ҳайдовчиларга турли ташвишларни келтириб чиқаради, қишки шиналар харид қилиш, двигатель антифризини алмаштириш, ойналарнинг буғланиши шулар жумласидан.
Антифриз – техник суюқликларининг сифатсиз бўлиши кўп ҳолларда автомобиль двигателларида иситгич радиаторини ишдан чиқаради, антифризнинг оқиб кетишига, шланглардаги шикастланишлар ва бошқа носозликларга сабаб бўлади. Шу боис Рақобат қўмитаси Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан ҳамкорликда антифризлар сифатини ўрганиш учун назорат харидларини ўтказди.
— Бир қатор ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотидан олинган намуналар аккредитaциядан ўтган UzTest лабораториясига ва қадоғи бўйича Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг назорат инспекциясига топширилди.
Тегишли регламент асосида ўрганилганда “SIBIRIA” ва “MAGAS” антифризи қадоғида қайси норматив-ҳужжат асосида ишлаб чиқарилганлиги ҳақида маълумот мавжуд эмаслиги; “MEGAZONE” антифризи қадоғида ишлаб чиқарилган сана, мувофиқлик белгиси, қайси норматив-ҳужжат асосида ишлаб чиқарилганлиги кўрсатилмаганлиги аниқланди ва бу ишлаб чиқарувчиларнинг антифризлари маркировка талабларига номувофиқ деб топилди.
Маълумот учун:
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализaция қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Бу маълумот товарларнинг этикеткаларида, тамғаларида, техник ҳужжатида ёзилиши керак.
Текширувлар асосида тегишли чора кўриш учун масъул ташкилотга маълумот киритилди. Бу каби рейдлар халқимизга сифатли маҳсулот ва хизматлар тақдим этилишини таъминлайди.