Жорий йил 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси хузуридаги ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгаш йиғилиши кун тартибига 2021 йил давомида Қўмита томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоби, “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири муҳокамаси, Биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасининг бугунги кундаги ҳолати, муаммолари ва ечими тўғрисида, 2022 йил давомида Жамоатчилик кенгаши томонидан амалга оширилиши режалаштирилган ишлар муҳокамаси қўйилди.
Жамоатчилик кенгаши йиғилишида Кенгаш раиси, 35 нафар аъзолар, журналистлар, Қўмитанинг Марказий аппарати ва ҳудудий бошқарма бошлиқлари иштирок этдилар.
Йиғилишда Қўмита раисининг ўринбосари Ф.Карабаев ўтган давр мобайнида Қўмита томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.
Жумладан, Қўмита томонидан 277 та ҳолатда НОҲАЛОЛ РАҚОБАТнинг олди олинди, 320 та қўшиб юбориш ва акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимларга олдиндан розилик берилди,
61% битимларда хорижий инвесторлар иштирок этмоқда, Давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимлик органлари томонидан қабул қилинган 2400 та қарорларида РАҚОБАТГА ЗИД нормалар мавжудлиги аниқланди, Давлат харидларида 9 мингта РАҚОБАТГА ЗИД ОМИЛЛАРнинг олди олинди, истеъмолчилар ва тадбиркорларга 572 млрд.сўм маблағлари қайтарилди, 810 млн.долл. қийматидаги битимларга ОЛДИНДАН РОЗИЛИК берилган.
Шунингдек, йиғилишда жорий йилнинг 17 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 24-ялпи мажлисида “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси маъқулланди. Қонун лойиҳаси 7 та боб ва 53 та моддадан иборат. Қўмита хузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори Э.Хаитметов томонидан янги таҳрирдаги Қонун лойиҳасига тўхталиб ўтди.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2019 йил 30 майдаги топшириғига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 сентябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5817-сон Фармони ва 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ–4887-сон қарори ва бошқа ҳужжатлар ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган.
“Реклама тўғрисида”ги Янги қонун лойиҳасида
қонун нормаларини қўллашда ноаниқликларга олиб келган айрим тушунчаларга аниқлик киритилмоқда ва янги тушунчалар киритилмоқда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилиши ва реклама мазмунининг таржимаси қўшимча равишда бошқа тилларда такрорланиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва телекоммуникация, жумладан мобил алоқа тармоқларида реклама жойлаштириш тартиби такомиллаштирилмоқда, жумладан: мобил алоқа тармоғи орқали реклама тарқатилишига фақат истеъмолчининг розилиги билан йўл қўйилиши ўрнатилмоқда, истеъмолчилар ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлиги билан боғлиқ маҳсулотлар рекламасига қўйиладиган талаблар такомиллаштирилмоқда.