Сўнгги вақтларда Рақобат қўмитасига кўп квартирали уйлар қурилиши юзасидан мурожаатлар кўпайган. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 1700 га яқин мурожаатлар келиб тушган. Кўрилган чоралар натижасида 20 млрд сўмга яқин маблағлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Ушбу ҳолатлар юзасидан республикадаги 129 та қурувчи корхоналарнинг шартномалари таҳлил қилинганда қуйидагилар аниқланди:
80 фоиз шартномада қурувчи корхоналарга қайта ҳисоб-китоб ҳуқуқ устуворлиги берилган бўлса, атиги 20 фоизда ҳар иккала тарафларга мазкур ҳуқуқлар белгиланган;
58 фоиз шартномада кўрсатилган умумий майдон қурилиши якуни бўйича майдонлар орасида тафовут мавжуд бўлганда қайта ҳисоб-китоб ҳуқуқи белгиланмаган;
37 фоиз шартномаларда хонадон ичида амалга ошириладиган қурилиш ишлари тўғрисида мажбуриятлар киритилмаган;
18 фоиз шартномаларда қурувчи ва истеъмолчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида бандлар киритилмаган;
39 фоиз шартномаларда қурилиш объектининг топшириш муддати кўрсатилмаган;
51 фоиз шартномаларда қурилиш топширилишининг ҳар бир кечиккан куни учун қурувчи томонидан тўланадиган пеня белгиланмаган;
86 фоиз шартномаларда қурувчи ва истеъмолчи томонидан шартномани бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқи белгиланган, (шундан, 41 фоизида шартномани ҳар иккала томоннинг манфаатлари кўзланган бўлса, 59 фоизида фақатгина қурувчи корхонанинг манфаатлари кўзда тутилган) 14 фоизида эса шартномани бекор қилиш тўғрисида банд киритилмаган.
Шунингдек, шартнома тузилгандан сўнг, дастлабки тўлов муддати 30 кундан ошмаслиги қайд этилган бўлса, 74 фоиз ҳолатда шартнома бир томонлама бекор бўлганда харидорга тўловни қайтариш муддати 30-180 кун ва айримларида эса 24 ойдан 36 ойгача этиб белгиланган;
84 фоиз шартномаларда хонадонни харидор томонидан қабул қилиб олингандан сўнг, қурувчи томонидан унга кафолат муддати белгиланмаган;
Яъни кафолат муддати давомида хонадонда нуқсонлар аниқланса, қурувчи томонидан бартараф этиш мажбурияти 82 фоиз ҳолатда белгиланмаган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасига мувофиқ истеъмолчилар:
товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш;
товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши;
товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлиши;
ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб берилган.
19-моддасида эса асосан, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шартлиги белгилаб берилган.
Иш бажариш (хизмат кўрсатиш) жараёнида аниқланган нуқсонлар белгиланган муддатда бартараф этилмаган, шунингдек, иш бажаришни (хизмат кўрсатишни) бошлаш ва тугаллаш кечиктирилган тақдирда, ижрочи истеъмолчига ҳар бир кечиктирилган кун учун иш (хизмат) қийматининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлайди. Ижрочининг мажбуриятни умуман ёки лозим даражада бажарилмаганлик учун неустойка (пеня) тўлаши ва зарарни қоплаши уни мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод этмаслиги қонунда кўрсатилган.
Қонуннинг 23-моддаси билан давлат истеъмолчиларнинг товар (иш, хизмат) сотиб олиши ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Истеъмолчи сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартномавий муносабатларда қонунчиликда назарда тутилган ўз талаблари қаноатлантирилиши учун устувор ҳуқуққа эгалиги белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 майдаги ПҚ-4732-сон қарорига мувофиқ, кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш учун жисмоний ва юридик шахсларнинг маблағларини жалб қилиш фақат юридик шахс мақомига эга бўлган ҳамда улуш киритиш асосида қуриш учун маблағларни жалб этувчи қурувчиларнинг электрон рўйхатига киритилган қурувчилар томонидан амалга оширилиши мумкинлиги белгиланган.
Бунда, Электрон рўйхатга киритиш учун қурувчилар қуйидаги талабларга жавоб беришлари лозим:
*кўп квартирали уйларни қуриш учун белгиланган тартибда ажратилган ер участкаси ва қурилиш ишларини амалга оширишга бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар мавжудлиги;
*қурилиш мажмуасига кирадиган кўп квартирали уйлар ва бошқа қурилиш объектлари қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ўз молиявий ресурслари ёки мазкур маблағларга ёхуд унинг етишмаётган қисмига кредит ажратиш ҳақида банк кафолат хати мавжудлиги;
*қурилиш мажмуаси учун лойиҳа-смета ҳужжатлари ва ижобий экспертиза хулосаси мавжудлиги;
*техник ва муаллифлик назорати ҳамда давлат назоратини амалга ошириш бўйича тегишли шартномалар тузилганлиги;
*улушдорлар томонидан киритилган маблағларни жалб қилиш учун тижорат банкида алоҳида ҳисобварақ очилганлиги.
Ўз навбатида, қурувчи Электрон рўйхатга киритилгандан сўнг улушдорлар билан шартномаларни тузиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ҳурматли истеъмолчилар, уй-жой жой сотиб олишда қуйидагиларга эътибор беринг:
✅ шартнома шартлари билан батафсил танишиб чиқинг;
✅ асосий жиҳатлар (қурилиш муддатлари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг ўзаро мутаносиблиги, қурилиш ва фойдаланишга топшириш муддатлари, муддатлар юзасидан жавобгарлик назарда тутилганлигини текширинг);
✅компаниянинг иш тажрибаси ва қурувчининг ишончлилигига ишонч ҳосил қилинг (электрон рўйхат ва “Шаффоф қурилиш” тизимида мавжудлигини очиқ манбалардан текшириш мумкин);
✅тўловларни фақат банк кассалари орқали амалга оширинг!