Ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорлик вакиллари билан сайёр қабуллар ва учрашувлар ўтказилмоқда
Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл ва Элликқаъла туманларида тадбиркорлар билан учрашувлар бўлиб ўтди. Уларда тадбиркорларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар дуч келаётган муаммоларни жойида ҳал этиш ва амалий ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.
Бухоро вилояти, Шофиркон туманида Қўмита ишчи гуруҳ вакиллари иштирокида навбатдаги фуқаролар қабули бўлиб ўтди. Қабулда аҳолининг газ таъминоти ва суғурта масалаларига оид мурожаатлари тингланди ҳамда уларни жойида ҳал этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Жиззах вилоятида аҳоли ва тадбиркорлар билан кенг қамровли учрашувлар ташкил этилди. Ёшлик, Нурлиобод, Иттифоқ маҳаллалари ҳамда Арнасой туманидаги Янгибўстон ва Зарафшон каби олис ҳудудларда аҳоли ва “маҳалла еттилиги” аъзолари билан мулоқотлар ўтказилди. Шунингдек, “Otabek bo‘lka nonlari” ва “Iskandar orzulari” МЧЖ фаолияти ўрганилиб, тадбиркорларнинг қийинчиликлари муҳокама қилинди. Айрим маҳаллаларда суюлтирилган газ баллонлари ва маиший чиқиндиларни ўз вақтида етказиб бериш билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар қайд этилди.
Барча учрашувлар давомида рақобат ва реклама қонунчилиги, шунингдек истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тушунтиришлар берилди. Шунингдек, жойларда тизимли ўрганишлар олиб бориш вазифалари белгилаб олинди.