Биржада юқори ликвидли маҳсулотлар савдоси ва давлат харидлари масалалари муҳокама қилинмоқда
Айни пайтда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Республика товар-хомашё биржаси ҳамкорлигида “Биржада юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар савдоси ҳамда давлат харидлари масалалари” мавзусида семинар ўтказилмоқда.
Тадбирни Рақобат қўмитаси Рақобатга зид ҳаракатларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Д.Раҳимов кириш сўзи билан очиб, товар ва молиявий бозорларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, биржа савдоларида шаффофлик ва очиқликни кучайтириш, шунингдек, замонавий бозор инфратузилмасини ривожлантиришда илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири эканини таъкидлади.
Семинарда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Олмалиқ КМК” АЖ, “Навоий КМК” АЖ, “Тошкент металлургия заводи” АЖ ҳамда бошқа юқори ликвидли маҳсулотлар сотувчилари, импортчилар, брокерлик идоралари ва трейдерлар иштирок этмоқда.
Тадбир давомида биржа савдоларида рақобат муҳитини янада ривожлантириш, монопол маҳсулотлар савдосида шаффофликни ошириш, давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳадаги амалий муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилмоқда.








