Фуқароларнинг мурожаатлари асосида “Бадавлат аёл” лойиҳасининг фаолияти Рақобат қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижаларига кўра 2-3 йилдан буён фаолият юритиб келаётган мазкур лойиҳа юртдошларимизга, хусусан аёл-қизлар учун оилавий муносабатлар, психология, тадбиркорлик ва шахсий ривожланиш бўйича билим беришга қаратилган таълим платформаси сифатида керакли тавсия ва йўналишлар тақдим этиб келмоқда. Шунингдек, мазкур лойиҳада иштирокчиларга қулайлик яратиш мақсадида тўловларни “Uzum nasiya” орқали муддатли тўлов шартлари асосида амалга ошириш имконияти ҳам яратилган.
Бироқ Қўмитага келиб тушган 50 га яқин шикоят мурожаатларида фуқаролар қуйидаги жиддий муаммоларга дуч келганликларини билдирганлар:
– Дарслар ўз вақтида ташкил этилмаётгани ёки таълим жараёнлари профессионал устозлар томонидан ўтказилмаётгани;
– Таълим сифати пастлиги ва ваъда қилинган натижаларга эришилмаётгани;
– Ташкилотчилар томонидан тингловчиларнинг эътирозлари эътиборсиз қолдираётганлиги ва қўпол муносабатдалиги;
– Эътироз билдирган иштирокчиларнинг платформада блокланиши;
– 3 ойлаб дарслар ўтказилмаётган бўлса-да, истеъмолчилардан ҳар ойлик тўловлар пластик карталардан автоматик тарзда ечиб олиниши;
– Шартномани бекор қилиш жараёни оғирлаштирилгани, айниқса чекка ҳудудлардаги фуқаролар учун Тошкент шаҳрига келиш талаби қўйилганлиги;
– Лойиҳага аъзо бўлиш учун Инстаграммдаги саҳифада “битта тугма босиш” кифоя бўлса-да, шартномани бекор қилиш имконсизлиги ва бошқалар.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда, Рақобат қўмитаси мазкур шикоятларни “HELPDESK” МЧЖ (лойиҳа ташкилотчиси) ва “SHAFFOF MOLIYA” МЧЖ (молиялаштирувчи ташкилот) билан биргаликда ўрганиб, уларни ҳал этиш юзасидан ишлар олиб бормоқда. Шунингдек, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, “Узум насия”га лойиҳа билан ҳамкорлик шартномасини бекор қилиш масаласини қайта кўриб чиқиш бўйича расмий таклиф юборилди.
Ҳурматли фуқаролар!
“Бадавлат аёл” лойиҳасига аъзо бўлиш ёки шу каби онлайн таълим платформаларида иштирок этишдан аввал, келгусида ноқулай вазиятларга дуч келмаслик учун қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратишингизни сўраймиз:
🔘Тақдим этилаётган шартнома шартлари билан пухта ва батафсил танишиб чиқинг;
🔘Моддий ва вақтинча имкониятларингизни холисона баҳолаб, қарор қабул қилинг;
🔘Ҳеч қандай ҳолатда шахсий маълумотларингиз, жумладан банк картангизга оид маълумотларни ишончсиз шахслар ёки платформаларга тақдим этманг;
🔘Онлайн платформалар орқали идентификация жараёнларини амалга оширишдан олдин, хизматнинг ҳақиқийлиги, ишончлилиги ва манфаатдорлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилинг.