Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан газ баллонларида суюлтирилган газ етказиб бериш хизмати юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишлари ўтказилди.
Самарқанд вилояти
Рақобат қўмитасининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиалининг истеъмолчиларга газ баллонларида суюлтирилган газ етказиб бериш хизмати юзасидан ўрганиш ишлари ўтказилди.
Ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, газ баллонларининг ҳар бири 20 кг.дан суюлтирилган газ билан тўлдирилган ҳолда истеъмолчиларга етказиб берилган бўлса-да, истеъмолчилардан газ баллонларини қайтариб олишда баллонларда қолган суюлтирилган оғир газ қолдиқлари инобатга олинмаганлиги натижасида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси 2-хатбоши талабларига амал қилинмаганлиги ҳолатлари қайд этилди.
Юқоридагиларга кўра, “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали томонидан ўтган давр мобайнида жами 218,437 тонна истеъмол қилинмаган суюлтирилган газ учун истеъмолчилардан жами 250 млн сўмга яқин асоссиз даромад олинганлик ҳолати аниқланиб, ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан асоссиз олинган 250 млн сўмга яқин даромадни истеъмолчиларга қайтариш ва мазкур қонун бузилиш ҳолатлари келгусида такрорланмаслик тўғрисида кўрсатма берилди.
Қашқадарё вилояти
Қашқадарё вилоятида “Ҳудудгаз Қашқадарё” АЖ томонидан 2024 йил ҳолатига кўра 586 568 та хонадон жами 772 060 дона газ баллонлари билан таъминланган бўлсада, айрим муаммолар ҳали ҳанузгача бартараф этилмаганлигини гувоҳи бўлмоқдамиз.
Рақобат қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасига жорий йил давомида 46 та, июль-август ойларида эса 15 га яқин суюлтирилган газ баллонларини етказиб бериш ҳамда газ баллон билан таъминлаш тўғрисида мурожаатлар келиб тушган.
Юқоридаги мурожаатларда келтирилган важлар бўйича ҳудудий бошқарма «Ҳудудгаз» АЖ билан ҳамкорликда ўрганиш ва таҳлил ишлари олиб борилди. Натижада, ҳудудий бошқармага келиб тушган 46 та мурожаатнинг барчаси ижобий ҳал этилди, аҳолига суюлтирилган газ баллонидан фойдаланиш қоидалари ва талаблари бўйича огоҳлантириш берилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қўмита томонидан республикамизнинг бошқа ҳудудларида хам бу борадаги ишлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.