Рақобат қўмитаси томонидан 2026 йилнинг ўтган вақти давомида табиий монополияларни тартибга солиш соҳасида амалга оширилган ишлар
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев топшириқлари асосида табиий монополия соҳаларида мустақил бозор регуляторларини жорий этиш, рақобатни ривожлантириш ҳамда эркин бозор тамойилларини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланган.
Юқоридагилар ижросидан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси томонидан амалга оширилган ишлар натижасида монопол корхоналар, иш ва хизматлар сони сўнгги уч йилда 140 та корхонадан 78 тага яъни 44 фоизга қисқариб,ушбу соҳаларда эркин бозор тамойиллари таъминланди.
Ҳозирги кунда Қўмита томонидан 78 та корхона 10 турдаги товарлар, иш ва хизматлар бўйича табиий монополия субъекти сифатида эътироф этилган.
Табиий монополия субъектлари фаолиятини назорат қилиш, тартибга солинадиган нарх ва тарифларнинг асосли қўлланилишини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлар ва истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.
Жумладан,
“Ҳудудгазтаъминот” ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этилган шартнома лойиҳалари белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатларига сабаб бўладиган нормаларни чиқариб ташлаш юзасидан эътирозлар ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган таклифлар берилди;
электр энергияси соҳасида қарздорлик сабабли тармоқдан ажратилган тадбиркорлик субъектларини электр энергиясига қайта улашда асоссиз тўловлар ундирилганлиги билан боғлиқ тизимли муаммолар ўрганилди.
Шунингдек, табиий монополия субъектлари томонидан асоссиз ҳисобланган қарздорликларни бартараф этиш мақсадида юридик шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш бўйича амалий чоралар кўрилди.
Мисол учун:
– “Universal Mobile Systems” масъулияти чекланган жамияти (Mobiuz)нинг мурожаати бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва унинг “Энергосавдо” филиалига берилган кўрсатма асосида тадбиркорлик субъекти фойдасига 1,1 млрд сўмни қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилди.
– “Vodiy Sof Qog‘ozi” масъулияти чекланган жамиятнинг мурожаати юзасидан ўтказилган ўрганиш натижасида тадбиркорга асоссиз ҳисобланган 340,8 млн сўм қарздорлик “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятининг электрон тизимидан ҳисобдан чиқарилиши таъминланди;
– Қўмитага тақдим этилган маълумотлар асосида электр тармоғидан узиб қўйилган тадбиркорлик субъектларини қайта улаш учун 965 та ҳолатда жами 5,5 млрд сўм миқдорида тўловлар асоссиз ундирилганлиги аломатлари бўйича тегишли ташкилот ва унинг таркибидаги корхоналарга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, бугунги кунда Махсус комиссия томонидан кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, вазирлик ва идоралардан келиб тушган 15 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ўрганилиб, улар юзасидан устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш, соҳада рақобат муҳитини яратиш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича тегишли таклифлар берилди.
Шу билан бир қаторда табиий монополия хизматлари соҳасига хусусий секторни жалб қилиш бўйича Президент Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилиб, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда лойиҳа тегишли Инстанцияларга киритилди.
Рақобат қўмитаси томонидан бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.







