Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 520-сон қарори билан Устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат акциялари пакети (улуши) хусусийлаштирилиши режалаштирилаётган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат муассасалари фаолияти соҳасида рақобатнинг ривожланганлик ҳолати бўйича монополияга қарши органнинг хулоса ва таклифларини ишлаб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мазкур низом билан иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришни янада жадаллаштириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат акциялари пакети (улуши) хусусийлаштирилиши режалаштирилаётган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат муассасалари фаолияти соҳасида давлат мулкига эгалик қилиш мезонлари ва рақобатнинг ривожланганлик ҳолати тўғрисида Рақобат қўмитасининг ёки унинг ҳудудий органларининг хулосасини олиш ҳамда давлат муассасалари фаолиятини таҳлил қилиш, уларни хусусийлаштириш, сақлаб қолиш ёки тугатиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш тартиби белгиланди.
Шунингдек, низом билан қуйидаги ҳолларда монополияга қарши органнинг хулосаси ва таклифларини олиш белгилаб қўйилди:
➡️хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги давлат акциялари пакетларини (улушларини) ва давлат муассасаларини ҳар йиллик хусусийлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш жараёни бошланишидан олдин;
➡️Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ҳар йиллик давлат мулкини хусусийлаштириш дастурлари шакллантирилишида монополияга қарши органнинг хулосасини инобатга олиш;
➡️ давлат муассасалари фаолиятини таҳлил қилиш ҳамда уларни хусусийлаштириш, тугатиш ёки сақлаб қолиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уни Давлат активларини бошқариш агентлигига юбориш;
➡️ Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан таклифлар Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритиш.








