Рақобат қўмитаси томонидан 2026 йил биринчи ярим йиллиги давомида реклама бозорини тартибга солиш соҳасида амалга оширилган асосий ишлар
Қўмита ўтган даврда рекламалар бўйича жами 13 минг 500 дан ортиқ ўрганишлар ўтказган бўлиб, уларнинг қарийб 6 мингтасида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Хусусан,
- 545 та дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар рекламасининг 51 таси қонун талабларига жавоб бермаслиги аниқланган;
- 250 га яқин ҳолатдан 54 тасида тамаки, алкоголь, электрон сигарет, пиво каби тақиқланган маҳсулотлар рекламаси жойлаштирилгани маълум бўлди;
- 165 та ўтказилган мониторинг орқали 82 та ҳолатда тотализатор ва букмекерлик рекламаси қайд этилди;
- Қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларини тарғиб қилувчи 76 та веб-сайтга чора кўриш бўйича ваколатли органларга сўров юборилди ва натижада улардан 50 дан ортиғи блокланди.
- Ижтимоий тармоқлардаги ўрганишларда катта аудиторияга эга бўлган блогерлар ўз саҳифаларида қимор ва букмекерлик хизматларини тарғиб қилувчи саҳна кўринишдаги видео-роликларини жойлаштирган 3 нафар блогер (вайнер)лар аниқланган ҳамда уларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Юқоридаги ҳуқуқбузарлик ҳолатларини бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўрилиб, 83 та субъектга нисбатан белгиланган таъсир чоралари қўлланилган.
Мисол учун. Ижтимоий тармоқлар орқали “Melbet” бренди орқали қимор ўйинларини тарғиб қилувчи видеороликлар жойлаштирилган. Ушбу ҳолатлар бўйича фуқаролар белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилиб, тегишли материаллар судга юборилди.
Шунингдек, айрим дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи ҳамда релализaция қилувчи айрим компаниялар томонидан дори воситалари рекламасида миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланилган ҳолатлар ҳам аниқланди.
Мазкур ҳолат Қўмита томонидан ўрганилиб, реклама ролиги юзасидан ваколатли давлат органидан тегишли хулоса олинган.
Тақдим этилган хулосага кўра, реклама ролигининг мазмуни ва унда тасвирланган ҳолатлар ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид эканлиги қайд этилган.
Қўмита томонидан истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида рекламалар юзасидан ўтказилган мониторингларда аниқланган ҳолатлар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 30 дан ортиқ эксперт хулосасини олиб, 20 дан ортиқ ҳолат бўйича камчиликлар бартараф этилиши таъминланди ва уларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар қўлланилди.
Қўмита томонидан рекламанинг экспертиза ва таҳлиллари ўтказилганда жами 18 000 дан ортиқ рекламанинг 25 фоизига реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига номувофиқлиги ҳақида хулосалар берилган.
2026 йил давомида Қўмитанинг ОАВ, телеграм гуруҳи ва каналлар, “.Uz” доменида рўйхатдан ўтган веб-сайтлар админлари ҳамда реклама агентликларига, шунингдек реклама берувчи, тайёрловчи, тарқатувчи ва буюртмачиларни қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш ва қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида турли соҳа ва йўналишларда 10 мингга яқин огоҳлантириш ва сўровлари юборилган.
Рақобат қўмитаси томонидан реклама бозорини тартибга солиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.








