Рақобат қўмитаси томонидан амалга оширилаётган ишлар натижасида жисмоний ва юридик шахслардан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, асоссиз қарздорликлар ҳамда товар ва хизматлар сифатидан норозилик билан боғлиқ келиб тушаётган мурожаатлар ўзининг ижобий ечимини топмоқда.
Мурожаатлар ҳудудлар кесимида:
📍Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан “Jizzax suv ta’minot” АЖнинг Ш.Рашидов туман филиали орқали аҳолига етказиб берилаётган ичимлик сувининг сифати, стандартлар ва белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан тегишли тартибда ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Ўрганиш жараёнида мазкур филиал томонидан 2026 йилнинг февраль ва март ойларида Ш.Рашидов туманининг “Ҳаваслик”, “Жиззахлик”, “Зиёкор” ва “Совунгарлик” маҳаллаларида истиқомат қилувчи истеъмолчиларга икки ой давомида жами 63 009 м³ истеъмолга яроқсиз ичимлик суви етказиб берилганлиги аниқланди.
Юқоридагиларга асосан ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 194-сон қарори ҳамда “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилганлиги юзасидан “Жиззах сув таъминоти” АЖга нисбатан иш қўзғатилди. Ўрганишда аниқланган 282 миллион 280 минг сўмдан ортиқ маблағни 3 539 нафар истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиш ҳамда келгусида бу каби қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилди.
📍Қашқадарё вилояти
Яккабоғ туманида истиқомат қилувчи фуқаро Р.Т.дан келиб тушган мурожаатда Россия Федерациясидан халқаро пул ўтказмаси орқали юборилган 37 миллион сўмдан ортиқ маблағни икки ой давомида ола олмаганлиги маълум қилинган.
Фуқаро мазкур масала бўйича “Universal bank” АТБ раҳбариятига бир неча бор мурожаат қилган бўлса-да, муаммо ҳал этилмаган.
Ҳудудий бошқарма мутахассислари томонидан олиб борилган ўрганиш натижасида фуқарога тегишли бўлган 37 миллион сўмдан ортиқ маблағнинг тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
📍Навоий вилояти
Хатирчи туманида истиқомат қилувчи фуқаро К.Г. Рақобат қўмитасининг ишонч телефони орқали туман марказидаги савдо мажмуасидан 1 миллион 700 минг сўмга харид қилган сув кулери қисқа вақт ичида носоз ҳолатга келиб қолгани сабабли ундан фойдаланиш имкони бўлмаётганлигини маълум қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан ўтказилган ўрганиш натижасида сотувчи “Xatirchi city hamrohi” МЧЖ томонидан сув кулеридаги носозлик бартараф этилди ҳамда маҳсулот истеъмолчига соз ҳолатда топширилиши таъминланди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектига истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
📍Сирдарё вилояти
Сирдарё туманида истиқомат қилувчи фуқаро Жабборова Олтиной муддатли тўлов асосида харид қилган мобил телефон қурилмаси учун ортиқча маблағ ундирилганидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъекти — “Sales master Network” МЧЖ билан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада фуқародан ортиқча ундирилган қарийб 2 миллион сўм маблағ қайтариб берилди ва унинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
📍Фарғона вилояти
Фарғона шаҳридаги “Янги Аср” маҳалласи, Мустақиллик кўчасида жойлашган янги қурилган кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи фуқаро Б.Д.дан келиб тушган мурожаатда хонадонлар табиий газ тармоғига уланмаганлиги сабабли аҳоли кундалик эҳтиёжлар учун электр энергиясидан фойдаланишга мажбур бўлаётгани ва бу ҳолат ортиқча харажатларга сабаб бўлаётгани маълум қилинган.
Ҳудудий бошқарма томонидан газ таъминоти корхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилган техник чора-тадбирлар натижасида мазкур уйдаги барча хонадонлар қисқа муддатда табиий газ тармоғига тўлиқ уланди ҳамда аҳолига газ узлуксиз етказиб берилиши таъминланди.








