Рақобат қўмитаси томонидан миллий брендларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда инсофсиз рақобат ҳолатларининг олдини олиш юзасидан тизимли чоралар кўриб келинмоқда.
Жумладан, «Xorazm Profi School» МЧЖ мурожаати асосида ўтказилган ўрганишларда «Nexus School» НТМ томонидан «nexus_maktab» ижтимоий тармоқ саҳифаси ҳамда «Nexus International School» ёзувидан фойдаланилиши истеъмолчиларни чалғитиши ва рақобатчининг ишчанлик обрўсига салбий таъсир кўрсатиши аниқланди.
Шунингдек, «Bilimintertrans» МЧЖ мурожаати асосида ўтказилган ўрганишда «Bilim Trans School» МЧЖ корхона номи «Bilimintertrans» фирма номи билан адаштириб юбориш даражасида ўхшаш экани аниқланиб, мазкур ҳолат истеъмолчиларни хизмат кўрсатувчи ташкилотни танлаш жараёнида чалғитиши ҳамда соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши қайд этилди.
Юқоридагиларга кўра, «Nexus School» НТМ ҳамда «Bilim Trans School» МЧЖга нисбатан «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддаси талаблари бузилиши аломатлари билан белгиланган тартибда ишлар қўзғатилди ҳамда молиявий жарималар қўлланилиб, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан бажарилиши мажбурий кўрсатмалар берилди.
Кўрилган чоралар натижасида «Xorazm Profi School» МЧЖ ва «Bilimintertrans» МЧЖ брендларининг ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг қонуний манфаатлари таъминланди ҳамда инсофсиз рақобат ҳаракатларига чек қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ, рақобатчининг фирма номи, товари, иши ёки хизматига ўхшаш белгилар орқали истеъмолчиларни чалғитиш, нотўғри таққослаш ёки рақобатчининг ишчанлик обрўсига путур етказувчи хатти-ҳаракатларни содир этиш инсофсиз рақобат ҳисобланади ва қонунчиликда тақиқланади.


