Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида “Хавфларни бошқариш” қўмитасининг 2026-йил II чорак фаолияти бўйича
МАЪЛУМОТ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 29-апрелдаги 279-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида (кейинги ўринларда – Қўмита) хавфларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, аниқланган хавфларни мониторинг қилиш ҳамда уларни камайтириш бўйича белгиланган вазифалар доирасида 2026-йил II чораги давомида тизимли ишлар амалга оширилди.
Қўмитада фаолият юритаётган “Хавфларни бошқариш” қўмитаси томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасининг ижроси мунтазам мониторинг қилиб борилди ҳамда 2026-йил 30-апрелда ўтказилган 2-сон йиғилишда 2026-йил I чораги давомида амалга оширилган ишлар ва хавфларни камайтириш бўйича белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиш ҳолати муҳокама қилинди.
Ҳисобот даврида Қўмитанинг 17 та таркибий бошқарма ва бўлимлари фаолиятида аниқланган жами 43 та хавф мониторинг қилиниб, уларнинг 1 таси “юқори”, 23 таси “ўрта” ва 19 таси “паст” даражада эканлиги қайд этилди. Юқори ва ўрта даражадаги хавфлар бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасининг ижроси юзасидан масъул таркибий бўлинмаларнинг ахборотлари кўриб чиқилди.
Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, аниқланган хавфларнинг асосий қисми Қўмитанинг асосий функцияларини амалга ошириш жараёнлари билан боғлиқ бўлиб, уларни эрта аниқлаш, доимий мониторинг қилиш ва самарали бошқариш бўйича тизимли ёндашувни давом эттириш зарур.
Хусусан, Стратегик режалаштириш, методология ва трансформация бўлими фаолиятида операцион хавфлар тоифасига кирувчи “Таркибий ва ҳудудий бўлинмалардан келиб тушадиган маълумотларнинг кечикиши ёки тўлиқ тақдим этилмаслиги” хавфи бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси таъминланди. Мазкур хавфни камайтириш мақсадида Қўмитанинг 2026-йил 25-февралдаги 43-ИЧ-сон буйруғи билан соҳага оид статистик ҳисоботларни “FAIR TECh” ягона ахборот тизими орқали электрон шаклда юритиш тартиби жорий этилди. Натижада ҳисоботларни шакллантириш ва тақдим этиш жараёни рақамлаштирилди ҳамда мазкур операцион хавф сезиларли даражада камайтирилди.
Шунингдек, Савдо, умумий овқатланиш ва туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимида аниқланган “Назорат харидлари” жараёнида харид қилинган маҳсулот (товар)ларни экспертизадан ўтказишда лаборатория натижаларини холислик билан расмийлаштириш билан боғлиқ коррупциявий хавф юзасидан ҳам тегишли чоралар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 16-февралдаги ПФ–25-сон Фармонига мувофиқ лабораториялар тизимида амалга оширилган институционал ўзгаришлар ушбу йўналишда шаффофликни ошириш ҳамда коррупциявий омилларни камайтиришга хизмат қилмоқда.
Ҳисобот даврида “Хавфларни бошқариш” қўмитаси томонидан таркибий бўлинмалар фаолиятида хавфларни баҳолаш ва мониторинг қилиш тизимини янада такомиллаштириш, чора-тадбирлар режалари ижроси юзасидан ахборотларни ўз вақтида тақдим этиш ҳамда уларни умумлаштириш механизмларини мустаҳкамлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Хусусан, ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар марказий аппарат таркибий бўлинмалари томонидан хавфларни камайтириш бўйича чора-тадбирлар режасининг ижроси юзасидан маълумотларни ишчи органга тақдим этиш тартиби белгиланди. Ички аудит, коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлимига таркибий бўлинмалар томонидан аниқланаётган хавфларни баҳолаш, уларнинг мониторингини олиб бориш, чора-тадбирлар ижроси тўғрисидаги ахборотларни умумлаштириш ҳамда ҳар чорак якунлари бўйича “Хавфларни бошқариш” қўмитасига киритиб бориш вазифалари юклатилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида Қўмитада хавфларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, аниқланган хавфларни тизимли мониторинг қилиш ва уларни камайтиришга қаратилган назорат механизмларини кучайтириш бўйича муҳим натижаларга эришилди. Бу эса ички назорат самарадорлигини ошириш, бошқарув қарорларининг сифатини яхшилаш ҳамда Қўмита фаолиятида хавфларни ўз вақтида аниқлаш ва бошқариш тизимини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

