Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида “Хавфларни бошқариш” қўмитасининг 2026-йил I чорак фаолияти бўйича
МАЪЛУМОТ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 29-апрелдаги 279-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида (кейинги ўринларда – Қўмита) хавфларни бошқариш тизимини жорий этиш ва такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифалар доирасида бир қатор амалий ишлар амалга оширилди.
Қўмитанинг 2024-йил 25-декабрдаги 277-ИЧ-сонли буйруғига мувофиқ, хавфларни бошқариш тизимини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган – “Хавфларни бошқариш” қўмитаси ташкил этилиб, унинг фаолияти йўлга қўйилган. “Хавфларни бошқариш” қўмитаси томонидан Қўмита фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган молиявий, операцион ва бошқа хавфларни аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш ҳамда уларни бошқариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.
Ҳисобот даврида Қўмитанинг марказий аппаратидаги 17 та таркибий бошқарма ва бўлимлари фаолияти доирасида юзага келиши мумкин бўлган жами 43 та хавф аниқланган бўлиб, уларни баҳолаш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра, уларнинг даражаси 1 та “юқори”, 23 та “ўрта”, 19 та “паст” даражада баҳоланди.
Таҳлиллар натижасида хавфларнинг асосий қисми Қўмитанинг асосий функцияларини амалга ошириш жараёнлари билан боғлиқ экани аниқланди. Жумладан, ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг шаклланиш занжирини тезкор таҳлил қилиш жараёнида ҳудудларда мониторингни тўлиқ қамраб олиш имкониятларининг чекланганлиги юқори даражадаги хавф сифатида баҳоланди. Шунингдек, Инсофсиз рақобат амалиётлари ва картел келишувларига қарши курашиш йўналишида мутахассисларнинг бошқа органлар томонидан тез-тез жалб этилиши билан боғлиқ эҳтимолий хавфлар ҳам аниқланди.
Аниқланган хавфлар юзасидан уларни камайтириш, олдини олиш ва оқибатларини бартараф этишга қаратилган комплекс чоралар ишлаб чиқилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси фаолиятига оид “Хавфлар реестри” ишлаб чиқилди ва “Хавфларни бошқариш” қўмитасининг 2026-йил 30-январдаги 1-сон йиғилиши қарори билан 1-иловага мувофиқ тасдиқланди. Мазкур реестрда Қўмита фаолиятига хос хавфлар, уларнинг тавсифи, баҳолаш натижалари, масъул таркибий бўлинмалар ҳамда хавфларни бошқариш механизмлари тизимлаштирилди.
Шунингдек, аниқланган хавфларни камайтириш (олдини олиш ва бартараф этиш) бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ҳамда йиғилиш қарорининг 2-иловасига мувофиқ тасдиқланди. Мазкур режада ҳар бир хавф бўйича амалга ошириладиган аниқ профилактик, ташкилий ва назорат тадбирлари, уларнинг ижро муддатлари, масъул ижрочилар ҳамда кутилаётган натижалар белгиланди.
Хавфларни бошқариш тизимининг институционал салоҳиятини ошириш мақсадида Қўмита “Хавфларни бошқариш” қўмитаси аъзолари ва масъул ходимлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги ўқув маркази томонидан ташкил этилган 36 соатлик малака ошириш курсларида иштирок этиб, тегишли сертификатларга эга бўлди.
Ҳисобот даврида Ҳисоб палатаси билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилди. Хусусан, Ҳисоб палатасининг “Масофавий аудит” автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланиш йўлга қўйилди ҳамда тизим орқали шакллантирилган рисклар асосида назорат тадбирлари амалга оширилди.
Бундан ташқари, Қўмита тизимида бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш, рискларни таҳлил қилиш ва молиявий хато ҳамда камчиликларни барвақт аниқлаш имконини берувчи “Ситуацион марказ” фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур марказ Ҳисоб палатасининг “Масофавий назорат маркази” билан интеграциялашган ҳолда фаолият юритиб, ички аудит тадбирларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, “Хавфларни бошқариш” қўмитасининг қарорига асосан марказий аппарат таркибий бўлинмалари раҳбарларига тасдиқланган чора-тадбирлар режасининг ижроси юзасидан ҳар чорак якунлари бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар ишчи органга ахборот киритиб бориш вазифаси юклатилди.
Ички аудит, коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими томонидан хавфларни баҳолаш, мониторинг қилиш, “Ситуацион марказ” фаолиятини такомиллаштириш, “Масофавий аудит” тизими орқали аниқланаётган рискларни ўрганиш ҳамда тизимли хато ва камчиликларнинг олдини олиш бўйича ишлар мунтазам равишда амалга ошириб борилмоқда.
Амалга оширилган мазкур ишлар натижасида Қўмитада хавфларни бошқариш тизимининг институционал асослари яратилди, хавфларни аниқлаш ва баҳолашнинг ягона механизми жорий этилди ҳамда уларни камайтиришга қаратилган тизимли чоралар белгилаб олинди. Бу эса Қўмита фаолиятида ички назорат самарадорлигини ошириш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш ва давлат маблағларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилмоқда.

