Рақобат қўмитаси ўз ваколатлари доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.
Олиб борилган мониторинг ва таҳлиллар натижасида оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларда қонунчилик талабларига зид, истеъмолчиларни чалғитувчи ёки нотўғри ахборотни ўз ичига олган рекламаларни жойлаштириш ҳолатлари ҳамон учраб тургани аниқланди. Бундай қонунбузилишларнинг асосий қисми молиявий хизматлар рекламаси ҳиссасига тўғри келмоқда.
Хусусан, ўтган давр мобайнида Қўмита томонидан молиявий хизматларга оид нотўғри реклама тарқатган 20 дан ортиқ тижорат банки ва микромолия ташкилотига нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарималар қўлланилди.
Амалдаги “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 43-моддасига мувофиқ, молиявий хизматларга оид реклама:
— молиявий хизматлар рекламаси ёки улар ҳақидаги реклама хусусиятига эга ахборот сифатида бошқа ахборотдан аниқ ажралиб туриши;
— рекламадан фойдаланувчиларнинг ишончини суиистеъмол қилмаслиги ҳамда уларнинг тажрибаси ёки билим етишмаслигидан фойдаланишга қаратилмаган бўлиши;
— реклама қилинаётган молиявий хизматларга бевосита алоқадор бўлмаган маълумотларни ўз ичига олмаслиги;
— шартнома тузишда муҳим аҳамиятга эга бўлган шартларни тўлиқ очиб бериши лозим.
Бироқ ўрганишлар давомида айрим рекламаларда омонатлар ва кредитлар бўйича фоиз ставкалари, амал қилиш муддати, минимал талаблар, қўшимча тўловлар, микроқарз шартлари, воситачилик ёки суғурта тўловлари каби муҳим маълумотлар умуман келтирилмагани ёки жуда қисқа, ноаниқ ва истеъмолчи учун тушуниш қийин бўлган шаклда берилгани аниқланди.
Шунингдек, молиявий хизматлар рекламаларида икки маъноли иборалардан фойдаланиш, хизмат шартларини бўрттириб кўрсатиш ёки бошқа ташкилотлар номи ва товар белгиларига тегишли калит сўзлардан фойдаланиш орқали истеъмолчиларни чалғитиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бу эса истеъмолчиларнинг товар (иш, хизмат) тўғрисида тўғри, тўлиқ ва ишончли маълумот олиш ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлмоқда.
Рақобат қўмитаси огоҳлантиради!
Молиявий хизматларга оид рекламаларда маълумотлар аниқ ва тўлиқ бўлиши, истеъмолчилар учун осон ўқиладиган ва тушунарли шаклда тақдим этилиши, фон билан уйғунлашиб кетадиган, ўқилиши қийин бўлган майда шрифтларда ёки яширин матн кўринишида берилмаслиги шарт.
Шунингдек, молиявий хизматлар рекламаларида нотўғри ёки чалғитувчи ахборотларни жойлаштириш ҳолатлари аниқланган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли молиявий санкциялар қўлланилишини маълум қиламиз.








