Рақобат қўмитасига хонадон, автомобиль харид қилиш, коммунал ва бошқа хизматлар юзасидан тушган мурожаатлар ўрганилиб, ижобий ечимини топмоқда
Ҳудудлар кесимида мисоллар
📍Фарғона вилояти
Ҳудудий бошқарма Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Г.Н.нинг коммунал хизматларидан асоссиз қарздорлик юзага келгани бўйича мурожаатини ўрганиб чиқди.
Ўрганишларда уй-жой коммунал хизматлари бўйича фуқаро 2025 йил учун тўловларни олдиндан, яъни 2024 йилда амалга оширгани, аммо бошқарув сервис компанияси томонидан амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда, олдиндан амалга оширилган тўловлар инобатга олинмасдан қўшимча қарздорлик ҳисоблангани аниқланди.
Натижада фуқарога асоссиз ҳисобланган 293 минг сўм миқдоридаги қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилиниб, бекор қилиниши таъминланди.
📍Наманган вилояти
Ҳудудий бошқарма Янгиқўрғон туманида яшовчи фуқаро Н.У.нинг “Uzbekistan Airways” АЖнинг электрон сайти орқали Краснодар – Наманган йўналиши бўйича Наманган шаҳрига кўрсатилган вақтда сабабсиз парвоз амалга ошмагани юзасидан тушган мурожаати ўрганилди.
Ўрганиш натижасида фойдаланилмаган авиачипта учун тўлаган маблағи “Namangan xalqaro aeroport” МЧЖнинг сотув бўлими томонидан фуқарони пластик картасига 1 800 000 сўм қайтариб берилиши таъминланди.
📍Тошкент вилояти
Ҳудудий бошқармага фуқаролардан Д.К. Ва Д.Э.лар томонидан тушган мурожаатларда “JAS AVTO MOTORS” МЧЖ билан шартнома имзоланиб, тўлов амалга оширилгани, аммо автомобиль ўз вақтида етказиб берилмагани билдирилган.
Олиб борилган ўрганишлар натижасида ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан “JAS AVTO MOTORS” МЧЖ томонидан фуқароларга бошланғич тўлов суммаси яъни 92 млн.сўмга яқин маблағни қайтариб бериш юзасидан тегишли кўрсатма берилди.
📍Хоразм вилояти
Ҳудудий бошқармага Гурлан туманида истиқомат қилувчи фуқаро Х.Р.нинг Ўзбекистон савдо марказидан 2025 йилда тузилган шартнома бўйича хонадон харид қилиш мақсадида тўловни амалга оширгани, аммо жорий йилнинг февраль ойида фуқаронинг моддий шароитида муаммолар бўлгани сабабли шартнома бекор қилингани, уйга тўланган пул эса қайтариб берилмаётганидан норози бўлиб мурожаат қолдирган.
Ўрганишларда мазкур ҳолат ўз тасдиғини топди ва тадбиркор томонидан фуқарога 204 млн сўм пул маблағи қайтарилиши таъминланди.








