Рақобат қўмитаси томонидан 5,7 млрд сўмлик тендер юзасидан иш қўзғатилди
Ижтимоий тармоқлар орқали “Бир манзил, умумий ўтмиш ва миллиардлик тендер” – деб номланган танқидий мақола юзасидан ўрганиш ишлари ўтказилди.
Қўмитаси томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази буюртмачилигида 2026 йил 4 август куни 475 тўплам сейсмик датчиклар харид қилиш бўйича бошланғич нархи 5,7 млрд сўм бўлган тендер савдоси “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Олиб борилган ўрганиш натижасида, Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази, “Drilltechpro” МЧЖ ва “Edulab” МЧЖ томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддаси талабларига риоя қилинмаганлиги, яъни савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар аломатлари мавжудлиги аниқланди.
Юқоридагиларга мувофиқ, Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази, “Drilltechpro” МЧЖ ва “Edulab” МЧЖларга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди.
Ишни кўриб чиқиш якунлари юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади.








