Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан “Рақамли платформа операторларини монополияга қарши тартибга солиш: халқаро тажриба, тенденциялар ва Ўзбекистон Республикаси учун тавсиялар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Мазкур тадбирда маҳаллий, хорижий ва глобал рақамли платформа операторлари вакиллари, шунингдек, Жаҳон банки экспертлари иштирок этдилар.
Давра суҳбатини Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Ф. Карабаев кириш сўзи билан очиб, рақамли иқтисодиёт шароитида рақамли платформа операторларини монополияга қарши тартибга солишнинг назарий, ҳуқуқий ва институционал асослари, ушбу соҳадаги халқаро тажриба, замонавий ривожланиш тенденциялари ҳамда Ўзбекистон Республикасида рақобат муҳитини янада такомиллаштириш истиқболлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
Шунингдек, БРИКСнинг Рақобат ҳуқуқи ва сиёсати маркази директори, Жаҳон банки эксперти Алексей Иванов рақамли платформалар фаолиятини тартибга солишга оид қонунчиликда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ўзгаришлар, халқаро амалиётда шаклланаётган янги ёндашувлар ҳамда уларнинг рақамли бозорларда соғлом рақобат муҳитини таъминлашдаги аҳамияти юзасидан маъруза қилди.
Тадбирнинг асосий мақсади инновацияларни рағбатлантириш, рақамли бозорларда соғлом ва адолатли рақобат муҳитини шакллантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда рақамли платформа операторларини монополияга қарши тартибга солишнинг амалдаги механизмларини янада такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Хусусан, давра суҳбати доирасида рақамли платформаларнинг устун мавқеини эътироф этиш мезонларини қайта кўриб чиқиш, глобал рақамли платформалар учун уларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда махсус тартиб-таомилларни жорий этиш, рақамли бозорларда рақобатни чекловчи омилларни бартараф этиш, бозорга киришдаги тўсиқларни қисқартириш ҳамда мазкур соҳадаги ҳуқуқий ва институционал механизмларни такомиллаштиришга доир таклифлар кўриб чиқилди ва муҳокама этилди.
Тадбир якунлари бўйича иштирокчилар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар рақамли иқтисодиёт шароитида рақобат сиёсатини такомиллаштириш, замонавий халқаро тажрибани миллий амалиётга жорий этиш ҳамда рақамли бозорларда очиқ ва шаффоф рақобат муҳитини таъминлаш бўйича кейинги чора-тадбирларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.








