Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар республика ҳудудларида давом этмоқда
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқоти»га тайёргарлик кўриш доирасида тадбиркорларнинг мурожаатлари, муаммолари ва таклифларини тизимли ўрганиш мақсадида, Рақобат қўмитаси томонидан республиканинг барча ҳудудлари кесимида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.
✅ Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси
Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитаси раиси в.в.б. А.Аминов бошчилигида ўтказилган учрашувда тадбиркорлар томонидан кредит ва суғурта шартлари, таъминотчилар реестрига кириш ҳамда реклама объектларини паспортлаштириш жараёнларидаги муаммолар юзасидан мурожаатлар билдирилди. Масъул мутахассислар томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, айрим масалалар жойида ҳал этилди.
✅ Андижон вилояти
Ҳудудий бошқарма раҳбарияти томонидан ушбу туманларда сайёр қабул ҳамда тадбиркорлар билан учрашувлар бўлиб ўтди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад аҳоли ва тадбиркорларни қийнаб келаётган масалаларни жойида ўрганиш ҳамда ижобий ҳал этишдан иборат бўлди.
✅ Бухоро вилояти
Жорий йилнинг 18-май куни Худудий бошқарма томонидан ўтказилган очиқ мулуоқотда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш бозорида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари иштирокида ўтказилган учрашувда асосий эътибор табиий монополия субъектлари кўрсатаётган хизматлар сифати, реклама фаолиятидаги муаммолар ҳамда биржа савдолари билан боғлиқ масалаларга қаратилди. Мурожаатлар ечими бўйича фикр алмашилиб, қонуний ижросини таъминлаш учун масъуллар бириктирилди.
✅ Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқармада ўтказилган учрашувда тадбиркорларнинг рақобат, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама соҳасидаги муаммолари ўрганилди. Жумладан, «Effektive sinergiya» МЧЖ ва «Forward advertise» МЧЖ вакилларининг реклама паспортларини шакллантириш тизими ва тўловлари бўйича мурожаатлари қабул қилиниб, ижрога йўналтирилди.
Мулуоқотлар давомида қабул қилинган мурожаатлар бўйича масъул мутахассислар томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, айрим масалалар жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этувчи мурожаатлар эса назоратга олинди.
Шунингдек, учрашувларда билдирилган ҳар бир мурожаат ва таклифлар алоҳида ўрганилиб, «VI очиқ мулоқот»да муҳокамага киритиш учун умумлаштирилмоқда.








