Экспертиза таҳлилларига кўра, 7 номдаги ун маҳсулотлари белгиланган талабларига номувофиқлиги аниқланди
Рақобат қўмитаси томонидан ички истеъмол бозорида сотилаётган ун маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан аҳоли учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ун маҳсулотларининг назорат харидлари ташкил этилди.
Хусусан, 2026 йилнинг январь-апрель ойларида Қўмита томонидан республика миқёсида савдо шохобчаларидан жами 35 номдаги ун маҳсулотларидан намуналар харид қилинди ва тегишли лабораторияларга топширилди.
Экспертиза таҳлилларига кўра, қуйидаги 7 номдаги ун маҳсулотларининг норматив-техник ҳужжатлар талабларига номувофиқлиги аниқланган:
🔘Бухоро вилояти
“Mufassal” номли ун “Sof Group” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган;
“Asian Grain” номли ун “Asian Golden Grain Products» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган 1-навли буғдой унлари вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси синов лабораториясининг хулосаларига кўра, унда темир ва руҳ миқдори стандарт талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.
🔘Жиззах вилояти
“Lazzat Gold” номли ун “Жиззахдонмаҳсулотлари” АЖ томонидан ишлаб чиқарилган;
“ZEBO” номли ун “ELEEF” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган 1-навли буғдой унлари маҳсулотларининг витамин минерал аралашмаси (микронутриентлар)га бойитилиши белгиланган меъёр талабларига мос келмаган.Ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Жиззахдонмаҳсулотлари” АЖ “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6,20-моддалари талаблари бузилгани аниқланиб, асоссиз олинган маблағларни истеъмолчиларга ихтиёрий қайтариш чораларини кўриш юзасидан тегишли кўрсатма берилган.
🔘Самарқанд вилояти
“Бидай ун 777” номли “Best Mak Sapellini” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган олий ва биринчи навли буғдой унлари ҳам темир ва руҳ кўрсаткичи бўйича талабга жавоб бермагани аниқланган.
🔘Фарғона вилояти
“Muxabbat” номли ун – “QUANTITY CLASS” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган;
“DASTARXAN MUKA” номли ун – “ASHRAF RAMAZAN” МЧЖ ҚK томонидан ишлаб чиқарилган олий навли унлари лаборатория таҳлилларига кўра номувофиқ деб топилди.
⚠️Рақобат қўмитаси томонидан:
✅ мазкур ун маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга унларни белгиланган стандарт талабларига мувофиқлаштириш яъни темир ва руҳ миқдорини меъёрга келтириш ҳамда микронутриентлар билан тўлиқ бойитилган ҳолда сотилишини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берилиб, тегишлиларига нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилган;
✅ Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ҳудудий бошқармаларига ваколати доирасида қонунбузилишга йўл қўйган корхоналарга нисбатан ҳуқуқий баҳо бериб, тегишли чоралар кўриш учун маълумотлар юборилган.








