Бугун Филиппиннинг Манила шаҳрида Рақобат масалалари бўйича халқаро тармоқнинг 25-йиллик анъанавий конференцияси — ICN Annual Conference 2026 ўз ишини бошлади.
ICN рақобат сиёсати соҳасидаги етакчи халқаро платформалардан бири ҳисобланиб, ҳар йили дунёнинг 140 дан ортиқ юрисдикцияларидан 400 га яқин регуляторлар ва экспертларни долзарб чақириқларни муҳокама қилиш, тажриба алмашиш ҳамда рақобатни ривожлантиришнинг замонавий механизмларини илгари суриш мақсадида бирлаштиради.
Форум доирасида Қўмита раиси Ҳалилилло Турахужаев Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг рақобат масалалари бўйича бўлинмаси раҳбари Ори Шварц билан учрашув ўтказди. Музокаралар давомида ИҲТТ билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, Қўмита ходимларининг ИҲТТнинг Рақобат масалалари бўйича минтақавий маркази дастурларида иштирокини кенгайтириш, шунингдек Қўмитанинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ИҲТТ билан қўшма ташаббусларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Ўзбекистон рақобат сиёсатининг иқтисодий ва ижтимоий самараларини баҳолаш, рақобат соҳасидаги миллий қонунчиликни эксперт таҳлилдан ўтказиш, шунингдек RCC тадбирларидан бирини Ўзбекистонда ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Қўмита раиси жорий йилнинг 16–17 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда ИҲТТ вакилини спикер сифатида иштирок этиши масаласини ҳам муҳокама қилди.
Ўз навбатида, Ори Шварц Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти вакилини мазкур тадбирда спикер сифатида иштирокини таъминлашга тайёрлигини билдирди.
Маълумот учун: Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) – барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, давлат сиёсатини такомиллаштириш ҳамда рақобат муҳитини ривожлантиришга кўмаклашувчи халқаро ташкилот ҳисобланади.
ИҲТТнинг Рақобат масалалари бўйича минтақавий маркази — Венгриянинг рақобат бўйича органи (GVH) билан ҳамкорликда Будапешт шаҳрида ташкил этилган марказ бўлиб, рақобат сиёсатини ривожлантириш, рақобат идораларининг институционал салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро тажриба алмашишга хизмат қилади.








