Рақобатга қарши келишувлар юзасидан 11 та автомобилларга сиқилган газ тўлдириш шахобчаларига нисбатан чора кўрилди
Самарқанд вилояти, Пайариқ туманида яшовчи фуқаролар томонидан мазкур туманда жойлашган автомобилларга сиқилган газ тўлдириш шахобчаларида (АСГТШ) сиқилган газ нархларининг асоссиз равишда оширилгани ҳамда қўшни туманлардаги нархларга нисбатан қимматлиги юзасидан келиб тушган мурожаат асосида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ҳолат юзасидан, Пайариқ тумани ҳамда унга қўшни туманларда жойлашган автомобилларга сиқилган газ тўлдириш шахобчаларида сиқилган газ нархлари бўйича истеъмолчилар ўртасида мониторинг ва сўровнома ўтказилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, Пайариқ туманида фаолият юритаётган 12 та АСГТШдан 11 тасида жорий йилнинг 5 январь санасидан бошлаб истеъмолчиларга 1 м³ сиқилган газ маҳсулоти ўртача 300 сўмга бир вақтда оширилиб сотилаётгани аниқланди.
Ушбу субъектлар 8 та МЧЖлар тасарруфида (“Темур-Бек”, “Садаф Агро Сервис”, “Рақобат Эко Газ Сервис” , “Жахонгир Престиж” , “Худойберди Рамзиддин Автогаз”, “Амирхон Газ Сервис”, “Ал-Асадбек Газ Петрол Инвест” ва “Бахрин Газ Оил” МЧЖлар).
Қўшни туманларда мазкур даврда сиқилган газ нархлари ўртача нархлар асосида сотилаётган ҳолда юқоридаги субъектларда эса бу нарх кўрсаткичларида ўзгариш бўлганлиги ўз тасдиғини топган.
Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан юқоридаги хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддаси талаблари яъни рақобатга қарши мувофиқлаштирилган ҳаракатлар содир этилганлиги юзасидан ишлар қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунида белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш бўйича қарор қабул қилинди.
Шунингдек, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.








