Рақобат қўмитасига жисмоний ва юридик шахслардан савдо ва ижтимоий хизматлар соҳасида келиб тушган мурожаатлар ўзининг ижобий ечимини топмоқда.
Мурожаатлар ҳудудлар кесимида.
Наманган вилояти
Етказиб берилмаган товарлар учун тўлов қайтарилди
Ҳудудий бошқармага Чуст туманида яшовчи фуқаро М.Ғ. томонидан келиб тушган мурожаатда Хитойдан товарларни “Vodiy logistika” карго хизмати орқали буюртма қилган ва маҳсулотлар 22 кун ичида етказиб берилиши керак бўлган, аммо белгиланган муддатда товарлар етказиб берилмагани учун тўланган маблағини қайтаришда амалий ёрдам сўраган.
Ўрганишларда компания вакилларига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддалари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берди.
Натижада етказиб берилмаган маҳсулотлар учун фуқаро тўлаган 6 млн 524 минг сўм маблағ тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
➖
Жиззах вилояти
Асоссиз ҳисобланган 263,6 млн сўмлик пеня бекор қилинди
Ҳудудий бошқармага Пахтакор туманида фаолият олиб бораётган “Paxtakor teks” МЧЖ газ таъминоти идорасидан асоссиз равишда ҳисобланган 263,6 млн сўмдан ортиқ маблағни абонент картасидан олиб ташланишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Ўрганишларда “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали томонидан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни 18-моддаси, яъни “нархларни давлат томонидан тартибга солиш қўлланиладиган товарлар учун белгиланган нархдан ортиқ ҳақ олиш ёки нархларни давлат томонидан тартибга солиш тартибини бузиш, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар ёки бепул кўрсатилиши керак бўлган хизматлар учун ҳақ олиш” бўйича талаблар бузилганлиги аниқланди.
Натижада ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, уларни бартараф этиш бўйича “Ҳудудгазтаъминоти” АЖ ва “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиалига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Кўрсатма ижроси таъминланиб, 263,6 млн сўм миқдордаги асоссиз ҳисобланган пеняни “Paxtakor teks” МЧЖ фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
➖
Андижон вилояти
Шартнома бажарилмагани учун фуқарога тўланган
маблағ қайтарилди
Ҳудудий бошқармага Балиқчи туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.Т. томонидан мурожаат йўлланган бўлиб, унда “Turon World Corparation” МЧЖга хорижга ишга юбориш харажатлари учун 11 млн 500 минг сўм миқдорида пул маблағи тўлагани, кейинчалик эса фуқарога иш берилмагани сабабли тўлаган пулини қайтариб олиш масаласида амалий ёрдам сўралган.
Ўрганишлар натижасида фуқаро А.Т. томонидан “Turon World Corparation” МЧЖга тўланган 11 млн 500 минг сўм миқдоридаги пул маблағи истеъмолчига қайтарилиши таъминланди.








