Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандуми доирасида амалий ҳамкорлик тадбирлари изчил давом этмоқда.
Мазкур меморандум доирасида бугун Рақобат қўмитасида Тошкент давлат юридик университети магистрантлари учун давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда Қўмита масъул ходимлари томонидан, мамлакатимизда рақобат муҳитини шакллантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Давра суҳбати давомида иштирокчиларга:
“Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг асосий қоидалари,
“Реклама тўғрисида”ги қонун талаблари,
товар ва хизматлар бозорида ҳалол рақобатни таъминлаш механизмлари,
монополияга қарши тартибга солиш амалиёти каби масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, магистрантлар соҳадаги амалий кейслар билан таништирилиб, рақобат ҳуқуқини қўллаш амалиёти бўйича мутахассислар билан очиқ мулоқот ўтказдилар ҳамда уларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.
Бундай тадбирлар ёш ҳуқуқшуносларда рақобат ҳуқуқи соҳаси бўйича амалий билим ва кўникмаларни шакллантириш, шунингдек давлат органлари ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.








