БИОЛОГИК ФАОЛ ҚЎШИМЧА ДОРИ ВОСИТАСИ СИФАТИДА СОТИЛГАН ҲОЛАТ АНИҚЛАНДИ
Рақобат қўмитасига фуқаро томонидан дорихонадан харид қилинган БФҚ таркиби дори воситаси билан бир хил эканлиги юзасидан мурожаат келиб тушди. Ўрганиш натижасида ушбу маҳсулотнинг дори воситаси таркибига эгалиги аниқланди.
Ўрганишлар ваколатли органлар иштирокида ўтказилиб, БФҚ сифатида сотилаётган маҳсулотни дори воситаси сифатида рўйхатдан ўтказиш лозимлиги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан тасдиқланди.
Аввал ҳам айнан (https://t.me/RaqobatGovUz/9534) “MALIKA LABORATORIES” МЧЖ томонидан “ОРСА” дори воситасини ҳам “ORS” номи билан биологик фаол қўшимча сифатида рўйхатдан ўтказилиб ишлаб чиқарилганлиги аниқланиб, рухсатнома қонунда белгиланган тартибда Санепидқўмитасига қайтариш чоралари кўрилганди.
Ўрганиш натижаларига кўра, Рақобат қўмитаси томонидан тўпланган ҳужжатлар белгиланган тартибда чора кўриш ҳамда аввал рўйхатдан ўтказилган биологик фаол қўшимчаларни инвентаризациядан ўтказиш ва берилган хулосаларни қайта кўриб чиқиш учун Санепидқўмитасига тақдим этилди.
Маълумот ўрнида:
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ:
— ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига товар ҳақида ўз вақтида, тўғри ва тушунарли маълумот тақдим этиши шарт;
— нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумот натижасида товар сотиб олинган бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилиш ва зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга;
— истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.








