Рақобат қўмитаси сўрови натижасида маҳаллий йўналишларда (оддий ва тез юрар) ташувчининг айби билан поезд кечиккан ҳолларда йўловчиларга пуллик компенсация тўлаш тартиби белгиланмоқда
Сўнгги вақтларда Қўмитага келиб тушаётган мурожаатлар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги фикрларда темир йўлда йўловчи поездларининг белгиланган жадвалдан кечикиши, жўнаб кетиши кечикканлиги ёки манзилга кеч етиб келганлиги ҳолатлари юзасидан эътирозлар билдирилмоқда.
Хусусан, 2025 йил давомида мазкур масала бўйича Қўмитага 51 та мурожаат келиб тушган. Жумладан, фуқаро М.Х. томонидан қолдирилган мурожаатда Тошкент–Бухоро–Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланувчи “Шарқ” поездлари доимий равишда 40 дақиқадан 1 соатгача кечикиб келаётгани, шунингдек чипталарда поезд келиши ҳақидаги тўғри маълумот кўрсатилмаганлиги таъкидланган. Бундай ҳолатлар йўловчиларнинг шахсий иш режалари ва уларни кутиб олувчилар режаларига ҳам таъсир кўрсатиши қайд этилган.
Мазкур масала бўйича норматив ҳуқуқий ҳужжатлардаги тартиблар ўрганилганда, ташувчининг айби билан поезд кечиккан ҳолларда йўловчиларга пуллик компенсация тўлаш тартиби белгиланмагани аниқланди.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, истеъмолчилар товар ва хизматларни эркин танлаш, уларнинг сифатли бўлишини талаб қилиш, шунингдек етказилган моддий ва маънавий зарарнинг тўлиқ қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, истеъмолчи ҳуқуқларини чеклайдиган ёки қонунчиликка зид шартлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва бундай ҳолларда етказилган зарар ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи томонидан қопланиши белгиланган.
Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитаси томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида мазкур қоидаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, жумладан, ташувчининг айби билан поезд кечиккан ҳолларда йўловчиларга пуллик компенсациясини тўлаш тартибини жорий этиш юзасидан Транспорт вазирлигига сўров юборилди.
Қўмита сўрови бўйича Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, айни пайтда “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш қоидалари”нинг янги таҳрири ишлаб чиқилаётган бўлиб, унда поезд кечиккан ҳолларда маҳаллий йўналишларда (оддий ва тез юрар) поездларда йўловчиларга қуйидаги миқдорларда компенсация тўлаш белгиланмоқда:
➡️а) 15 дақиқадан 30 дақиқагача кечикканлик учун йўлкира (чипта ва плацкарт) қийматининг 15 фоизи миқдорида;
➡️б) 31 дақиқадан 60 дақиқагача кечикканлик учун йўлкира (чипта ва плацкарт) қийматининг 25 фоизи миқдорида;
➡️в) 61 дақиқадан 120 дақиқагача кечикканлик учун йўлкира (чипта ва плацкарт) қийматининг 50 фоизи миқдорида;
➡️г) 121 дақиқадан ортиқ кечикканлик учун йўлкира (чипта ва плацкарт) қийматининг 100 фоизи миқдорида.
Маълумот учун: юқоридаги тартиб ҳозирда фақат “Афросиёб” поездлари кечикиши учун мавжуд эди, Рақобат қўмитаси сўрови асосида ушбу тартиб бошқа маҳаллий йўналишларда (оддий ва тез юрар) поездларга ҳам татбиқ этиш назарда тутилмоқда.
Ушбу ўринда, Рақобат қўмитаси Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ушбу ҳаракатларини олқишлайди.
Рақобат қўмитаси томонидан темир йўл транспортидан фойдаланишда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, соҳада рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар учун қулайликлар яратиш борасидаги бу каби ишлар тизимли давом эттирилмоқда.








