Рақобат қўмитаси делегациясининг АҚШга амалий сафари давом этмоқда
Қўмита раҳбарияти бошчилигидаги делегация АҚШда бўлиб турган амалий сафар чоғида бир қатор халқаро тадбирлар ва расмий учрашувларда иштирок этмоқда.
🔵 Делегация Флорида штати Бока Ратон шаҳрида ўтказилган “Халқаро фьючерс саноати” конференцияси — FIA Global Cleared Markets Conference очилиш маросими ва асосий сессияларида иштирок этди.
🌐 Мазкур анжуман халқаро фьючерс ва дериватив бозорлари соҳасидаги энг йирик ва нуфузли тадбирлардан бири ҳисобланади. Қарийб 50 йилдан буён ўтказиб келинаётган конференция жаҳон биржалари, клиринг ташкилотлари, молиявий институтлар, технология компаниялари ҳамда регулятор органлар раҳбарларини бир майдонда жамлаб келмоқда. Тадбирда глобал фьючерс ва клиринг бозорларидаги асосий тенденциялар, янги технологиялар ҳамда тартибга солиш сиёсати юзасидан муҳокамалар ўтказилмоқда.
📁 Шу билан бирга, Қўмита вакиллари “CME Group Chicago Mercantile Exchange” раҳбарияти билан расмий учрашув ўтказди. Мулоқот чоғида фьючерс савдоларини ривожлантириш истиқболлари, бозор иштирокчилари учун семинар ва тренинглар ташкил этиш масалалари кўриб чиқилиб, фьючерс бозорининг халқаро тажрибаси, замонавий савдо механизмлари ҳамда хеджирлаш инструментларидан самарали фойдаланиш имкониятлари бўйича фикр алмашилди.
📍 Шунингдек, АҚШнинг Колумбия округи, Вашингтон шаҳрида Қўмита вакиллари ҳамда АҚШ Савдо вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) раҳбари Стифэн Гарднер ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий муносабатлар ҳамда ўзаро ҳамкорлик сўнгги йилларда тарихий юқори босқичга кўтарилгани таъкидланди. Шунингдек, Қўмита, CLDP ҳамда товар-хом ашё биржаси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “Ҳамкорлик йўл харитаси” доирасидаги ишлар муҳокама қилинди.
⭕️ Ташриф давомида АҚШ Федерал Савдо Комиссиясининг монополияга қарши сиёсат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишлари бўйича масъул раҳбарлари билан ҳам учрашув ўтказилди.
Учрашувда сўнгги йилларда мамлакатимизда рақобат муҳитини яхшилаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар натижалари бўйича тақдимот қилиниб, мазкур йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш ва самарали ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.








