Рақобат қўмитаси огоҳлантиради
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган биологик фаол қўшимчаларни турли шаклларда сотувга чиқараётган саҳифалар сони ортиб бормоқда.
Уларда турли қўшимчалар, малҳамлар, суртмалар, бальзамлар ва дамламалар гўёки кўплаб касалликларни, ҳатто оғир хасталикларни ҳам даволаши мумкинлиги ҳақида асоссиз рекламалар тарқатилмоқда.
Кўп ҳолларда ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи ҳақида аниқ маълумот берилмайди, сохта ҳаволалар орқали жозибадор реклама тақдим этилади ва қизиққан шахслар буюртма берганидан сўнг хорижий рақам орқали боғланган оператор мижозни ишонтириш учун нотўғри ва текширилмаган маълумотлар тақдим этади. Тўлов амалга оширилади ва маҳсулот курьер орқали етказиб берилади. Бироқ, маҳсулот самарасиз бўлса ёки ножўя таъсир кўрсатса, сотувчи билан қайта боғланиш деярли имконсиз бўлади.
‼️ Шу боис, ижтимоий тармоқларда реклама қилинаётган бундай биологик фаол қўшимчалар оғир касалликларни даволамаслиги, аксинча, соғлиқ учун жиддий хавф туғдириши мумкин.
Биологик фаол қўшимчалар дори воситаси ҳисобланмайди ва касалликларни даволаш учун мўлжалланмаган. Улар фақат организм функционал ҳолатини қўллаб-қувватлаш мақсадида тавсия этилади.
Шунинг учун ҳар қандай биологик фаол қўшимчани қабул қилишдан олдин йўриқномани диққат билан ўрганиш ва албатта шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.
Маълумот учун: Биологик фаол қўшимчалар рекламасига қўйиладиган талаблар “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 35-моддасида белгиланган бўлиб, унда овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ҳамда озиқ-овқат қўшимчаларини реклама қилишга оид қоидалар аниқ кўрсатиб ўтилган.
🔘улар дори воситалари ҳисобланади ва (ёки) даволаш хоссаларига эга деган таассуротни уйғотмаслиги;
🔘уларни қўллаш натижасида одамлар даволангани, уларнинг аҳволи яхшиланганига доир муайян ҳолларга ҳаволаларни ўз ичига олмаслиги;
🔘уларнинг қўлланилгани муносабати билан жисмоний шахслар томонидан билдирилган миннатдорлик изҳорини ўз ичига олмаслиги;
🔘соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги;
🔘овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг тадқиқотлар ўтказилгани, давлат рўйхатига олингани тўғрисидаги фактларга ҳаволалар қилиш, шунингдек, бошқа тадқиқотлар натижаларидан уларни қўллаш учун тўғридан тўғри тавсия шаклида фойдаланиш орқали дори воситаларига нисбатан афзалликлари ҳақидаги таассуротни юзага келтирмаслиги;
🔘ҳар бир ҳолда реклама объекти дори воситаси эмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши кераклиги белгиланган.
Рақобат қўмитаси фуқароларни биологик фаол қўшимчаларни қабул қилишда эҳтиёткор бўлишга чақиради. Уларни истеъмол қилишдан олдин таркибини ўрганиш, сертификатланганлигини текшириш ва албатта шифокор билан маслаҳатлашиш зарур. Ижтимоий тармоқлардаги шубҳали рекламаларга ишонмаслик ҳамда номаълум манбалардан маҳсулот харид қилмаслик тавсия этади.








