Ижтимоий тармоқда ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган видеолавҳалар жойлаштирилган саҳифа эгасига нисбатан тегишли таъсир чораси кўрилди
Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида ижтимоий тармоқлардаги https://www.instagram.com/k_yuldashevna/ саҳифаси ҳамда t.me/kyuldashevna Telegram канали орқали миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиб, тайёрланган хатти-ҳаракатлар акс этган видеолавҳалар жойлаштирилганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат жамоатчилик томонидан кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётганлиги кузатилди.
Юқоридагиларга кўра, Қўмита томонидан «KAMOLA YULDASHEVNA KOSMETOLOG» номи билан танилган, https://www.instagram.com/k_yuldashevna/ саҳифаси ҳамда t.me/kyuldashevna Telegram канали юритувчиси “Худойқулова Камола Йўлдош қизи»га нисбатан қонун бузилиши юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли тартибда суд органларига юборилди.
Агарда ушбу ҳолат маъмурий жавобгарлик қўлланганидан сўнг ҳам давом эттирилган тақдирда ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли маълумотлар Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.
Маълумот учун. Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасига асосан рекламада миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, ибора ва образлардан фойдаланиш тақиқланади.








