Рақобат қўмитаси томонидан фуқаролардан савдо, электрон тижорат, коммунал хизматлар, банк-молия, таълим ҳамда автотранспорт савдоси билан боғлиқ тушаётган мурожаатлар ўрганилиб, истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Ҳудудлар кесимида мисоллар
🔘Бухоро вилояти
Фуқаро “Buxara Avto Magnat” МЧЖга автотранспорт сотиб олиш учун шартнома асосида олдиндан 79 млн сўмга яқин тўлов амалга оширганлиги, айрим сабабларга кўра шартнома бекор қилинганлиги, бироқ тўловлар қайтариб берилмаётганлигидан норози бўлиб, Рақобат қўмитасига мурожаат қилди.
Ўрганишлар натижасида қўмитанинг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан тегишли чора-тадбирлар кўрилди ва мурожаатчига тўланган 79 млн сўмга яқин тўлов тўлиқ қайтариб берилишига эришилди.
🔘Фарғона вилояти
Ҳудудий бошқармага Фарғона вилояти Бағдод туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.А. томонидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда фуқаро яшаб турган хонадонида сув ҳисоблагич мавжуд бўлишига қарамасдан, сув таъминоти корхонаси томонидан унга 5 млн 200 минг сўмга яқин қарздорлик ҳисобланганидан норозилигини билдирган.
Ўрганишлар натижасида сув таъминоти корхонаси томонидан амалга оширилган ҳисоб-китоблар қайта кўриб чиқилди ва сув ҳисоблагич кўрсаткичи 625 м³ ҳолатига тўғриланди. Натижада фуқарога асоссиз ҳисобланган қарздорлик бекор қилинди ва фуқаронинг сув таъминоти корхонасидан 163 250 сўм миқдорда ҳақдорлиги таъминланди.
🔘Жиззах вилояти
Фуқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун автомактаб ўқув курсларига ёзилиб, белгиланган 4 млн 300 минг сўм тўловни амалга оширгани, аммо айрим сабабларга кўра сертификат олиш имконига эга бўлмагани ҳамда тўлаган маблағини қайтариб ололмаётганини юзасидан Қўмитага мурожаат қилди.
Ўрганиш ишлари натижасида фуқаро томонидан ўқиш учун тўланган 4 млн 300 минг сўм маблағ тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
🔘Қашқадарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро томонидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда фуқаро Қарши шаҳрида жойлашган “FAVORITE-CARS-SERVICE” МЧЖ автосалонидан автомашина харид қилиш учун тўлиқ тўловни амалга оширгани, аммо белгиланган вақтда автомашинани олиб кета олмагани сабабли кейинчалик транспорт воситасини топшириш масаласи ҳал этилмаётгани юзасидан амалий ёрдам сўраган.
Ўрганиш ишлари натижасида томонлар ўртасидаги келишмовчилик бартараф этилди ҳамда автомашина фуқарога белгиланган тартибда топширилиши таъминланиб, мурожаат истеъмолчи фойдасига ҳал этилди.
🔘Сирдарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Сирдарё вилояти Боёвут туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.Н. томонидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда фуқарога “Сирдарё сув таъминоти” АЖ Гулистон шаҳар бўлими томонидан ичимлик суви хизматлари учун асоссиз қарздорлик ҳисоблангани сабабли ушбу ҳолатни қайта кўриб чиқишда амалий ёрдам сўралган.
Ўрганиш ишлари натижасида истеъмолчига нисбатан ҳисобланган қарздорлик асоссиз экани аниқланиб, қайта ҳисоб-китоб қилинди ҳамда фуқаро фойдасига 200 минг сўмдан ортиқ нореал қарздорлик бекор қилиниб, мурожаат ижобий ҳал этилди.
🔘Тошкент вилояти
Рақобат қўмитасига фуқаро автомашина харид қилиш учун кредит расмийлаштириш вақтида “ALSKOM SUG‘URTA” компанияси билан суғурта шартномасини имзолагани, лекин автомашина билан йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда, автомашинага етказилган зарар қоплаб берилмаганлигидан эътироз билдириб мурожаат йўллаган.
Ҳудудий бошқарма масъул ходимлари томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида мурожаатчига 13 млн сўмга яқин пул маблағи ўтказиб берилишига эришилди.
🔘Хоразм вилояти
Фуқаро харид қилган Cherry Arrizo 6 pro Comfort автомобили кафолат муддати даврида носозликка учрагани ва бу бўйича тадбиркорга мурожаат қилгани, лекин автомобили тузатиб берилмаётганлигидан норози бўлиб, Рақобат қўмитасига мурожаат қилди.
Ўрганишлар жараёнида, ҳолат юзасидан тадбиркорлик субъектига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида фуқаронинг Cherry Arrizo 6 pro Comfort русумли автомобили тузатиб берилди ва истеъмолчи ҳуқуқи тикланди.







