Рақобат қўмитаси томонидан фуқаролардан савдо, электрон тижорат, коммунал хизматлар, банк-молия, таълим ҳамда автотранспорт савдоси билан боғлиқ тушаётган мурожаатлар ўрганилиб, истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Ҳудудлар кесимида мисоллар
🔘Андижон вилояти
Ҳудудий бошқармага Ишонч телефони орқали Андижон шаҳри, Боғишамол МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Р.М. томонидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда фуқаро “BIG WORLD DETAIL” МЧЖдан шартнома асосида кир ювиш машинаси харид қилганини, бироқ МЧЖ томонидан шартномада кўрсатилган суммадан 1,1 млн сўмга яқин ортиқча маблағ ечиб олинганлигидан норозилигини билдирган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талаблари бузилганлиги аниқланиб, фуқародан олинган ортиқча 1,1 млн сўмга яқин маблағ фуқарога қайтариб берилиши таъминланди.
🔘Наманган вилояти
Ҳудудий бошқармага Мингбулоқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро И.З. томонидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда фуқаро ТИФ Миллий банк Наманган филиалидан 20 000 000 сўм кредит олгани ва кредит тўлиқ қопланган бўлса-да, банк томонидан 3 300 000 минг сўмдан ортиқ ортиқча қарздорлик ҳисобланаётганидан норози бўлиб, амалий ёрдам сўраган.
Ўрганишлар натижасида ТИФ Миллий банк Наманган филиали томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилганлиги аниқланди.
Натижада банк томонидан фуқарога ҳисобланган 3 300 000 минг сўмдан ортиқ қарздорлик бартараф этилди ва фуқаронинг ҳуқуқлари тўлиқ тикланди.
🔘Навоий вилояти
Ҳудудий бошқармага Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Ю.Қ. томонидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда фуқаро “Uzum nasiya” иловаси орқали 19 млн сўм кредит олиб, ўз вақтида тўлай олмаганлиги сабабли “SHAFFOF MOLIYA” МЧЖ томонидан мавжуд қарздорлиги мажбурий ижро бюроси орқали ундираётганлиги, шу билан бирга иловада 5,5 млн сўм ортиқча маблағ автоматик равишда фуқаро Ю.Қ.га тегишли пластик картасидан ечиб олинганлигини маълум қилган.
Ўрганишлар натижасида “SHAFFOF MOLIYA” МЧЖ томонидан ортиқча ечиб олинган 5,5 млн сўм маблағ тўлиқ шаклда фуқаро Ю.Қ.га тегишли пластик картага қайтарилиши таъминланди ва мурожаат ижобий ҳал этилди.
🔘Қорақалпоғистон Республикаси
Фуқаро “Click” иловаси орқали ипотека кредитини тўлашда нотўғри ўтказган пулини қайтариб олишда амалий ёрдам сўраб Қўмитага мурожаат қилди.
Қўмита томонидан мурожаатда келтирилган масала юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилиши натижасида, “Click” компанияси томонидан фуқарога хато ўтказилган 2 млн сўм пул маблағи қайтарилиши таъминланди.
🔘Самарқанд вилояти
Ҳудудий бошқармага Самарқанд вилояти Булунғур туманида истиқомат қилувчи фуқаро Д.Исоқов томонидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда фуқаро туманда жойлашган маиший техника дўконидан харид қилинган электр сув иситгич (аристон) сифатсиз чиққанини билдириб, ушбу маҳсулотни алмаштиришда амалий ёрдам сўраган.
Ўрганиш ишлари натижасида фуқаро харид қилган маиший техника янгисига алмаштирилиб, мурожаат истеъмолчи фойдасига ижобий ҳал этилди.
🔘Сурхондарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Ф.З. томонидан “Call-center” орқали мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда фуқаро Telegram ижтимоий тармоғидаги “Сурхондарё эълонлари” канали орқали буюртма қилинган мебеллар тўплами етказиб берилмагани ҳамда тўланган маблағни қайтариб ололмаётгани сабабли амалий ёрдам сўраган.
Ўрганиш ишлари натижасида етказиб берилмаган маҳсулот учун фуқаро томонидан тўланган 2 млн 300 минг сўм маблағ қайтарилиши таъминланиб, мурожаат истеъмолчи фойдасига ҳал этилди.
🔘Тошкент шаҳри
Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига бир гуруҳ фуқаролар томонидан “Uzum market” платформаси орқали харид қилинган товарларда нуқсонлар аниқлангани ҳамда уларни қайтариш ва тўланган маблағни олиш масаласи ҳал этилмаётганидан норози бўлиб мурожаат йўлланган.
Ўрганиш ишлари натижасида нуқсонли товарлар қайтариб олиниб, фуқаролар фойдасига жами 8 млн 200 минг сўмдан ортиқ маблағ қайтарилиши таъминланди.







