#Marketing_Forum_2026
«IV Tashkent Marketing Forum 2026» ўз ишини бошлади
Тошкент шаҳрида маркетинг соҳасидаги энг йирик халқаро тадбирлардан бири — «IV Tashkent Marketing Forum 2026» ўз ишини бошлади. Ушбу Форум Рақобат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Маркетинг Ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этиб келинмоқда.
Форумни Қўмита раиси ўринбосари У. Давлатов кириш сўзи билан очиб берди. У кириш сўзда маркетинг замонавий иқтисодиётда бизнесни ривожлантириш, рақобат муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда истеъмолчилар эҳтиёжларини чуқур ўрганишда муҳим восита экани, бу борада давлат органи сифатида Рақобат қўмитаси бу каби ташаббусларни доим қўллаб қувватлашга тайёр эканлиги таъкидланди. Шунингдек, бу каби тадбирлар орқали миллий маркетинг тизимини ривожлантириш ва у орқали маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишда ўрни муҳим эканлигига тўхталиб ўтди.
Тадбир доирасида дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларидан келган экспертлар, бизнес вакиллари ҳамда маркетинг мутахассислари иштирок этмоқда. Форум дастури маркетингнинг 7 та асосий йўналиши бўйича муҳокамалар, панел сессиялар, амалий кейслар, рақамли маркетинг, брендинг, PR ва SMM, шунингдек AI ва IT маркетинг масалаларини қамраб олган.
Қатнашчилар халқаро конференция ва экспертлар чиқишлари, маркетинг ечимлари ярмаркаси, йилнинг энг яхши маркетологлари ва компанияларини тақдирлаш маросими, шунингдек бизнес эгалари ва соҳанинг етакчи мутахассислари билан жонли мулоқот ва нетворкинг имкониятларидан фойдаланишмоқда.
Форум медиа ва маркетинг саводхонлигини ошириш, таҳлилий фикрлаш ва замонавий коммуникация кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилиб, реклама ва маркетинг соҳасидаги мутахассисларни бир майдонга жамламоқда.
Ташкилотчилар таъкидлаганидек, мазкур форум янги ғоялар, инновацион ёндашувлар ва самарали ҳамкорликлар учун муҳим платформа бўлиб, мамлакатимиз бизнес муҳитида янги имкониятларни очиши кутилмоқда.






