РАҚОБАТ ҚЎМИТАСИНИНГ ТАКЛИФЛАРИ АСОСИДА “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан ҲАВО ТРАНСПОРТИДАН ФОЙДАЛАНИШДА ЯНГИ ТАРТИБ ЖОРИЙ ҚИЛИНДИ
Рақобат қўмитасининг таклифлари асосида маҳаллий йўналишларда “Uzbekistan Airways” АЖдан икки томонга ташув (учиб кетиш ва қайтиш) бўйича чипта олиб, айрим сабаблар билан бир томонга учиб кета олмаганда, иккинчи томондан қайтиш чиптаси ҳам бекор қилиниши амалиёти бўйича янги тартиб жорий этилди. Бу юзасидан аввал хабар берилган эди. (https://t.me/RaqobatGovUz/10956)
Эндиликда, “Uzbekistan Airways” АЖ хизматларидан фойдаланишда маҳаллий йўналишларда йўловчи етиб келмаганлиги сабабли, йўналишнинг кейинги участкаларида жойларни бронлаштириш бекор қилинмайди. Йўловчи ўзи учун жой банд қилган авиачиптада кўрсатилган йўналишнинг кейинги участкаларида ташишдан фойдаланиши мумкин бўлади.
Мазкур қоидани бошқа маҳаллий йўналишларда авиаташувчиларга ҳам жорий этиш юзасидан белгиланган қоидаларга ўзгартириш киритиш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.
Маълумот учун. Ҳаво транспортида ташувлар бўйича 2025 йилда истеъмолчилардан 127 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларда кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олиниши (65 та), сифатсиз хизмат кўрсатилиши (25 та), белгиланган йўналишга ва вақт оралиғига риоя этилмаганлиги (27 та) ҳамда асоссиз қарздорлик ва бошқа масалалар (5 та) кўтарилган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 122 таси ижобий ҳал этилиб, жами 72 млн сўмга яқин маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.
Рақобат қўмитаси истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида Қўмита томонидан берилаётган бундай кўрсатма ва таклифларни ўз вақтида инобатга олиб, истеъмолчилар ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаб ўз ички қоидаларини биринчилардан бўлиб ўзгартирган “Uzbekistan Airways” АЖнинг бундай ҳаракатларини олқишлайди.
Рақобат қўмитаси томонидан ҳаво транспортидан фойдаланишда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, соҳада рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар учун қулайликлар яратиш борасидаги бу каби ишлар тизимли давом эттирилмоқда.








