Андижон вилоятида «AND OBОD» МЧЖга нисбатан тегишли таъсир чораси кўрилди
Рақобат қўмитаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан аҳолининг манфаатларини ҳимоя қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда чиқиндилар билан боғлиқ экологик ҳолатни яхшилаш юзасидан ўрганишлар олиб борилди
Ўрганишларда мазкур вилоятда фаолият олиб бораётган «AND OBОD» МЧЖ томонидан аҳолига маиший чиқиндиларни йиғиш ва ташиб чиқиш хизматларини кўрсатиш жараёнида «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 19,21-моддалари талаблари бузилганлиги аниқланди.
Хусусан, мазкур корхона ўз зиммасига юклатилган ҳудудларда чиқиндиларни белгиланган график асосида тўплаш ва ташиб чиқиш ишларини тўлиқ ва сифатли бажармагани маълум бўлди. Бунинг оқибатида айрим ҳудудларда кўплаб чиқиндилар тўпланиб қолган.
Олиб борилган ҳисоб-китоблар натижасида корхона томонидан истеъмолчилардан жами 3 млрд 585 млн сўмга яқин миқдорда асоссиз ортиқча даромад олингани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан «AND OBОD» МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича истеъмолчиларга кўрсатилмаган хизматлар учун асоссиз олинган маблағлар истеъмолчиларга қайтариш ҳамда қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.








