15,5 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли таъсир чоралари кўрилди
Рақобат қўмитасининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “FERGANA AVTOMAT RASCHOT” МЧЖнинг мурожаатига асосан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Навоий ҳудудий филиали ўтказган энг яхши таклифларни танлаш (тендер) савдолари “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Олиб борилган ўрганишлар натижасида, буюртмачи ташкилот томонидан ўтказилган бошланғич қиймати 15,5 млрд сўмдан ортиқ бўлган танлов савдолари “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддаси талабларига риоя қилинмагани, яъни савдоларда иштирокчилар учун рақобатни чеклайдиган шартлар киритилгани, танлов ҳужжатларидаги талаблар билан тўлиқ баҳоланмагани ва таклифларни нотўғри баҳолаш каби бир қатор қонунбузилишлари аниқланган.
Юқоридагиларга кўра, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан буюртмачи ташкилотга нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиш аломатлари билан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди. Ҳамда, буюртмачи ташкилот мансабдор шахсига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб тегишли тартибда суд органларига юборилди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Маълумот ўрнида. Махсус комиссиянинг ушбу қароридан норози бўлган томон Қўмитанинг Апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.








