2025 йил 1 декабрь куни Франциянинг Париж шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОЭCД) Котибияти томонидан ташкил этилган Рақобат бўйича Global Forum ўз ишини бошлади. Тадбирнинг очилиш маросимида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси делегацияси иштирок этди.
Форум ОЭCДнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб, рақобат сиёсатини ривожлантириш, миллий рақобат органлари ўртасида ахборот ва тажриба алмашувини кенгайтириш ҳамда илғор халқаро амалиётларни жорий этишга қаратилган.
Тадбир давомида Қўмита делегацияси бир қатор хорижий рақобат органлари ва халқаро экспертлар билан учрашувлар ўтказди. Жумладан, Малайзия Рақобат комиссияси, Буюк Британия Рақобат ва бозорлар органи (CМА) мутассаддилари ҳамда Буюк Британиянинг Рақобат ҳуқуқи маркази директори, глобал рақобат ҳуқуқи ва сиёсати бўйича етакчи эксперт, Профессор Уилям Эван Ковачич билан музокаралар олиб борилди.
Учрашувлар якунида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзолаш, Қўмита ходимларини CМАда амалиёт ўташ учун юбориш ҳамда мазкур орган мутахассисларини Қўмита фаолиятига жалб этиш, шунингдек, Жаҳон банкининг Институционал салоҳиятни ошириш лойиҳаси доирасида Қўмита ходимлари учун семинарлар, тренинглар ва давра суҳбатларини ташкил этиш каби келишувга эришилди








