УЙ-ЖОЙ РЕКЛАМА АХБОРОТЛАРИДА НАРХЛАРНИ МИЛЛИЙ ВАЛЮТАДА БЕРИШГА ОИД ТАЛАБИНИ БУЗИЛИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙИБ КЕЛГАН АХБОРОТ РЕСУРСЛАРИГА ЧОРА КЎРИЛДИ
Охирги вақтда Қўмита томонидан ўтказилаётган мониторингларда ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар) рекламаларида нархларни хорижий валюталарда кўрсатиш кенг тарқалаётганлиги кузатилмоқда.
Хусусан, Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган мониторингларда ижтимоий тармоқлар орқали “Uyjoylar,uz», «Buxoro Agentstva_Nest», «Qashqadaryo uylari N1», «Sirdaryo Uy Bozor», «Namangan Uylari», «Навоий уйлари| Navoiy uy bozor», «Uy Bozorim», «Hilolbozor,uz» ҳамда «Gulistonliklar Uy-Joy» telegram канали орқали кўчмас мулкларнинг нархлари хорижий валютада берилган реклама ахборотлари жойлаштирилганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддасига мувофиқ, рекламада нархларни (тарифларни) чет эл валютасида кўрсатиш тақиқланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар) учун барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар Ўзбекистон Республикаси валютасида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига йўл қўйилмайди.
Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитаси томонидан “Uyjoylar,uz», «Buxoro Agentstva_Nest», «Qashqadaryo uylari N1», «Sirdaryo Uy Bozor», «Namangan Uylari», «Навоий уйлари| Navoiy uy bozor», «Uy Bozorim», «Hilolbozor,uz» ҳамда «Gulistonliklar Uy-Joy» telegram каналлари маъмурларига реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари ҳақида тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилиши натижасида мазкур каналда жойлаштирилган реклама-ахборотлари реклама қонунчилиги талабларига мослаштирилиши таъминланди.








