МАНИПУЛЯЦИЯ ҲАРАКАТЛАРИНИ СОДИР ЭТГАНЛИГИ УЧУН “RAVSHAN-BOSIT HAMJIHAT SERVIS” МЧЖга НИСБАТАН ТЕГИШЛИ ТАЪСИР ЧОРАСИ ҚЎЛЛАНИЛДИ
Рақобат қўмитаси томонидан юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотувчи кластерлар томонидан ушбу турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилиши ва биржа савдоларида нархларни сунъий ошишининг олдини олиш бўйича назорат ўрнатилиб, кунлик ва ойлик мониторинг кузатувлари олиб борилмоқда.
Қўмитанинг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган мониторинглар натижасида “RAVSHAN-BOSIT HAMJIHAT SERVIS” МЧЖ томонидан 2024-2025-йилларда юқори ликвидли пахта ёғи маҳсулотларини тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотиб юборилганлик ҳолатлари аниқланди.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 29-моддасида “Биржа савдоларини ўтказиш чоғида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар, шу жумладан, савдоларни ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш;
фақат биржа савдоларига қўйиш йўли билан сотилиши лозим бўлган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотлар ҳажмларини биржа савдоларига қўймасдан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш тақиқланади деб кўрсатилган.»
Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, Наманган вилояти ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан “RAVSHAN-BOSIT HAMJIHAT SERVIS” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.








