Рақобат қўмитаси огоҳлантиради!
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида ўрганишлар олиб бормоқда.
Сўнгги пайтларда истеъмолчилардан номаълум шахслар томонидан “Uzum nasiya” номидан қўнғироқлар қилингани ҳақида кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Хусусан, «фирибгарлар» ****21242 рақамидан қўнғироқ қилиб, “Сиз акцияда маиший техника ютиб олдингиз, ютуқни олиш учун идентификациядан ўтинг”, деган баҳона билан фуқаролардан телефон рақамига келган SMS-кодни айтишни сўрамоқда. Аслида эса, улар фуқаролар номига муддатли тўлов шартномаси расмийлаштириб, ҳеч қандай товар етказиб берилмаётганлигидан шикоятлар кўпаймоқда.
Қўмита томонидан:
⏺фирибгарлик йўли билан масофавий молиявий хизматлар кўрсатиш ҳолатларини олдини олиш,
⏺ ахборот тизимларида хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш,
⏺ аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда бундай ҳолатларни такрорланмаслиги чораларини кўриш мақсадида
“SHAFFOF-MOLIYA” МЧЖ, “UZUM MARKET” МЧЖ ҳамда Марказий банкка тегишли мурожаатлар юборилди.
Ҳурматли истеъмолчилар!
Шубҳали қўнғироқларга ишонманг!
Шахсий маълумотларингизни, SMS-кодларни ёки идентификация маълумотларини бегона шахсларга берманг!
Номаълум платформалардан рўйхатдан ўтишдан олдин уларнинг ишончлилигини текширинг.








