Рақобат қўмитаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Маркетплейс” онлайн платформаси маълумотлари таҳлил қилинганда имтиёзли кредитлар асосида оилавий тадбиркорларга товарларни харид қилиш жараёнида таъминотчилар, оилавий тадбиркорлар ҳамда айрим давлат хизмати ходимлари ўртасида тил бириктириш ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди.
Жумладан, Жиззах шаҳри, Зомин, Мирзачўл, Ш.Рашидов, Ғаллаорол ва Зафаробод туманларидан 12 нафар фуқаро томонидан кредит олиш учун тизимда қолдирган аризалари бўйича харид қилган маҳсулотларининг нархи унинг бозордаги нархларидан тубдан фарқ қилганлиги маълум бўлди.
Мисол учун, Зомин тумани Боғишамол МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Р.Б. томонидан имтиёзли кредит ҳисобидан тикувчилик йўналишида оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш (ривожлантириш) мақсадида 33 млн сўм кредит маблағини олиш истагини билдирган ва ҳоким ёрдамчиси томонидан тавсиянома берилган.
Маҳсулот етказиб бериш бўйича Ягона электрон платформада яратилган «маркетплейс» тизимида “Zomin uchar sher” ОК билан 3 дона парда тикиш машинаси харид қилиш учун жами 23 млн сўмлик шартнома тузилган.
Аслида мазкур тикув машиналарининг Жиззах шаҳридаги ўртача бозор нархи 5,5-6 млн сўмгача бўлган.
Шунингдек, ўрганишларда қолган 11 та оилавий тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредит ҳисобидан зарур техникалар қуйидагича қиммат нархларда, яъни:
🔘ўртача бозор нархи 5,5-6 млн сўмгача бўлган “Jack” тикув машинасининг ҳар бирини 10 млн 978 минг сўмдан 3 донасини жами 32 млн 935 минг сўмда;
🔘ўртача бозор нархи 22,5-23 млн сўмгача бўлган тикув машиналари 33 млн сўмда;
🔘ўртача бозор нархи 5,5-6 млн сўмгача бўлган тикув машинаси ва айлана тикув машинаси ҳар бири 10 млн сўмдан 20 млн сўмгача;
🔘 ўртача бозор нархи 25,5-26 млн сўмгача бўлган музлаткич 33 млн сўмда;
🔘 ўртача бозор нархи 29,5-30 млн сўм бўлган уч ғилдиракли юк мотороллери 5 та ҳолатда 33 млн сўмга, 2 та ҳолатда 32 млн сўмга харид қилиш учун шартномалар тузилгани аниқланди.
Ҳудудий бошқарма томонидан мазкур қонунбузилиш ҳолатлари ва уларни бартараф қилиш юзасидан вилоят ҳокимлиги, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Жиззах вилояти бошқармасига тегишли тартибда маълумотлар тақдим этилди.








