Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига савдо, иш ва хизматлар соҳасида фуқаролардан тушаётган мурожаатлар ижобий ҳал этилмоқда.
Мурожаатлар ҳудудлар кесимида
Тошкент вилояти
Ҳудудий бошқармага Ўрта Чирчиқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро интернет дўконидан лед чироқларини харид қилгани, лекин маҳсулотда носозлик кузатилгани сабабли уни алмаштириб берилишида ёки тўлаган пул маблағларини қайтариб берилишида амалий ёрдам сўраган.
Ўрганишлар натижасида “Интернет дўкони” томонидан мурожаатчига лед чироқлари учун тўланган 189 минг сўм пул маблағи қайтариб берилиши таъминланди.
Тошкент шаҳар
Ҳудудий бошқармага Янгиҳаёт туманида истиқомат қилувчи фуқаро Р.Х.нинг келиб тушган мурожаатида “Zohid Kabob” ресторанига қарашли Шайхонтоҳур тумани, Бешқайрағоч кўчасида жойлашган филиали ҳисоб-китоб вақтида ходим томонидан хатога йўл қўйилиб, ортиқча 620 минг сўм пул маблағи ҳисобланганига эътироз билдириб, ушбу ҳолатлар юзасидан амалий ёрдам беришни сўралган.
Ўрганишлар натижасида “Zohid Kabob” МЧЖ томонидан камчиликлар бартараф этилиб, фуқародан ортиқча ечиб олинган пул маблағи тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
Сурхондарё вилояти
Ҳудудий бошқарма Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Л.Х.нинг “Ishonch” савдо дўконидан харид қилган совиткичи нуқсонли чиққани сабабли янгисига алмаштириб беришни сўраб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Мурожаатни ўрганиш натижасида фуқарога сотувчи томонидан совиткич сифатлисига алмаштириб берилиши таъминланди.
Сирдарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Гулистон туманида истиқомат қилувчи фуқаро Б.И.дан келиб тушган мурожаатда “Sirdaryo suv ta’minoti” АЖ Гулистон шаҳар бўлими томонидан асоссиз қарздорлик ҳисоблангани, ушбу қарздорликни қонун доирасида қайта кўриб чиқилишида амалий ёрдам берилиши сўралган.
Мурожаат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди ва натижада “Sirdaryo suv ta’minoti” АЖ томонидан истеъмолчига нисбатан ҳисобланган қарздорлик 4,2 млн сўмдан зиёд нореал қарздорлик хатлов йўли билан дастурдан олиб ташланиб, истеъмолчининг бузулган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.
Самарқанд вилояти
Ҳудудий бошқармага фуқаро Н.А.нинг мебель ишлаб чиқарувчи хўжалик юритувчи субъектдан уй жиҳозлари харид қилган, аммо барча жиҳозларни ўрнатиб берилмаганидан норози бўлиб мурожаат қолдирган.
Ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганишларда фуқаро мурожаати асосли эканлиги ўз тасдиғини топди. Аниқланган камчиликлар тўлиқ бартараф этилиб, мурожаат ижобий ҳал қилинди.
Қашқадарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи Н.А.нинг хонадони бир неча йилдан ҳозирги вақтга қадар сув таъминотидан узилган бўлса-да, сув таъминоти корхонасидан асоссиз қарздорлик чиқарилганидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Мурожаат ўрганиб чиқилганда ҳақиқатдан ҳам мурожаатчи сув таъминотидан узилган бўлиб, сув сақлаш ҳовузидан фойдаланиб келаётгани, таъминотчи корхонанинг беэътиборлиги сабабли асоссиз равишда қарздорлик юзага келгани аниқланди. Шундан сўнг «Qashqadaryo suv ta’minoti» акциядорлик жамияти Қарши шаҳар филиали электрон дастурдаги 9 млн сўм қарздорлик мутахассислар иштирокида далолатнома асосида бартараф этилди.