Ижтимоий тармоқларда “Korzinka” супермаркетлар тармоғи – “Anglesey Food” МЧЖ ХК фаолият бошлаганига 29 йил тўлгани муносабати билан мижозларга совғалар тайёрлагани, унга кўра “CUBES” музлатгичларини бор-йўғи 27 минг сўм эвазига харид қилиш мумкинлиги ҳақида реклама ахборотлари жойлаштирилган.
“Coca-Cola Ichimligi Oʻzbekiston Ltd” МЧЖ ХКнинг рекламасида ҳам брендланган мини-музлатгич ва 24 дона ичимликни атиги 30 минг сўмга харид қилиш мумкинлиги ҳақида эълон берилган.
Акция шартида совғаларни қўлга киритиш учун иштирокчилар махсус ҳаволадан ёки қисқа сўровномадан ўтишлари тавсия қилинган.
Рақобат қўмитаси томонидан “Korzinka” супермаркетлар тармоғи ҳамда “Coca-Cola Ichimligi Oʻzbekiston Ltd” МЧЖ ХКнинг расмий веб-сайтлари ўрганилганда мазкур акциялар ҳақида ҳеч қандай маълумотлар берилмагани ҳамда бу каби акциялар ўтказилмаётгани маълум бўлди.
Таҳлилларга кўра, ушбу акциялар иштирокчилари учун тақдим этилган “совғалар”ни олиш тартиби машҳур брендлар номидан амалга ошириладиган фишинг схемасига тўлиқ мос келиши аниқланди.
Ёдда тутинг!
Рақобат қўмитаси фуқароларга фирибгарлик схемаларига алданиб қолмаслик учун номаълум ҳаволаларга кирмаслик ва шахсий маълумотларни нотаниш шахсларга бермаслик ҳамда ўтказилаётган акция ҳақидаги ахборотларни расмий манбалардан ҳақиқатга мослигини текшириб олиши кераклигини тавсия қилади.
Маълумот ўрнида. Фишинг схема — бу интернетда фуқаролардан шахсий ёки молиявий маълумотларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш усулидир.