Рақобат қўмитасига савдо соҳасидаги муаммолар юзасидан фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Мурожаатлар ечими ҳудудлар кесимида:
Хоразм вилояти
Ҳудудий бошқармага Боғот туманидан Н.А.нинг сотиб олган телефон маҳсулоти нуқсонли бўлганлиги сабабли, мазкур носоз ҳолатдаги маҳсулотни дўконга топширгани, бироқ ҳозирги кунгача маҳсулотга тўлаган пуллари қайтарилмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати юзасидан ўрганиш ишлари ўтказилди.
Ўрганишлар натижасида ушбу маҳсулот ҳақиқатда нуқсонли эканлиги ўз тасдиғини топди. Ҳолат юзасидан тадбиркорлик субъектига соҳага оид қонунлар юзасидан тушунтириш берилиб, 6 928 740 сўм фуқарога телефон учун тўланган пул қайтарилиши таъминланди.
Тошкент шаҳар
Ҳудудий бошқармага Юнусобод туманида яшовчи фуқаро С.А.дан келиб тушган мурожаатда “Uzum Market” платформаси орқали сотиб олган “Aux” русумли кондиционернинг ўлчами ва ишлаш қуввати хонадонига мос келмагани сабабли товарни қайтаргани, бироқ орадан анча вақт ўтганига қарамай унга тўланган пули қайтарилмаганидан шикоят қилган.
Олиб борилган ўрганишларга кўра “UZUM MARKET” МЧЖ ХК томонидан товар қабул қилиниб, тўланган 3 млн 999 минг сўм маблағ С.А.га қайтариб берилиши таъминланди.
Сурхондарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Шеробод туманида истиқомат қилувчи фуқаро Р.М. мурожаат қилиб, хонадонига ўрнатилган қуёш панели қисқа фойдаланишдан сўнг носоз ҳолатга келганини билдириб, уни таъмирлашда амалий ёрдам сўраган.
Мурожаат ўрганилиб, таъминотчи М.О.К. томонидан панель таъмирлатиб берилди ва фуқаронинг муаммоси ижобий ҳал этилди.
Самарқанд вилояти
Ҳудудий бошқармага Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро А. Х.дан мурожаат келиб тушган. Фуқаро мурожаатида оилавий шароитларини инобатга олган ҳолда “Idea” МЧЖ дўконидан муддатли тўлов асосида харид қилган товарлар учун шартномани бекор қилишни сўраб, дўконга ариза топширгани, бироқ шартнома бекор қилинмагани ва пластик картасидан тўловлар ечиб олинаётганини маълум қилган ҳамда мазкур масалада амалий ёрдам сўраган.
Мурожаат асосида бошқарма томонидан тегишли ишлар амалга оширилиб, “Idea” МЧЖ дўкони ва фуқаро ўртасидаги шартнома бекор қилиниши таъминланди.
Қашқадарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Қарши туманида яшовчи фуқаро С.Ҳ. томонидан “Idea” МЧЖ савдо дўконидан 999 000 сўмга харид қилинган телевизори сифатсиз эканлиги, бундан ташқари муддатли тўлов асосида 6 600 000 сўмга харид қилинган кондиционернинг нархи шартномадан кейин 8 628 000 сўмга оширилгани юзасидан эътироз билдирилган мурожаат келиб тушди.
Ўрганиш натижасида фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилди, техника воситалари қайтарилиб, шартнома бекор қилиниши таъминланди.
Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқармага Ш.Рашидов туманидан Н.С. Жиззах шаҳри Тошлоқ маҳалласида жойлашган дўконидан харид қилган автомобиль эҳтиёт қисмларидан 4 дона шина сифатсиз чиққанлиги, аммо унга тўланган пулни қайтариб ололмаётгани юзасидан мурожаат қилган.
Ўрганиш ва амалий чоралар натижасида фуқарога шинага тўланган 650 000 сўм пул маблағи тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
Навоий вилояти
Ҳудудий бошқарма фуқаро Р.М.нинг “Uzum market” платформаси орқали сотиб олган телефони носозлиги бўйича қилган мурожаатини кўриб чиқди. Натижада шартнома бекор қилиниб, фуқарога 279 000 сўм қайтарилди.