Рақобат қўмитасига 2025 йилнинг ўтган даврида газ етказиб бериш билан боғлиқ истеъмолчиларидан жами 19 487 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, бу соҳада тизимли муаммолар борлигини кўрсатади.
Шу боис, Қўмита томонидан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳамда тўғридан-тўғри АЖнинг бўйсунувида бўлган корхоналарда ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Ўрганишларда ўтган даврда республикамизнинг бешта вилоятида аҳолига тарқатилган маиший газ баллонларида суюлтирилган газнинг оғир қолдиқлари (конденсат) ҳажми жами 1,5 минг тоннани
⏺Навоийда – 92,9 тн,
⏺Сурхондарёда – 490,2 тн,
⏺Қашқадарёда – 371,3 тн,
⏺Фарғонада – 370,5 тн,
⏺Бухорода – 175,6 тн
ташкил этиб, бунинг ҳисобига истеъмолчилардан жами 2,2 млрд сўм атрофида асоссиз ҳақ олинганлиги аниқланган.
Хусусан, Навоий вилоятида “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали томонидан газ баллонидаги жами 92,9 тн оғир қолдиқ суюқлик миқдорлари учун истеъмолчилардан 125,4 млн сўмлик ортиқча маблағлар олинганлиги аниқланган.
Шунингдек, Сурхондарё вилоятида “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали томонидан 79 та истеъмолчидан 125,7 млн сўмлик ортиқча ҳисобланган ҳамда газ баллонларидаги жами 490,2 тн оғир қолдиқ суюқлик миқдорлари (конденсат) учун истеъмолчилардан 640,3 млн сўмлик, жами 766, 0 млн сўм ортиқча маблағ олинганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолатлар бўйича Рақобат қўмитаси томонидан ҳудудий газ таъминоти корхоналари бу хизматларни кўрсатишда қонунчилик талаблари бузилганлиги ҳолатлари мавжудлиги сабабли, истеъмолчиларга ортиқча олинган маблағларни қайта ҳисоб-китоб қилиш чоралари кўрилмоқда.
Рақобат қўмитаси бу борадаги ўрганиш ишларини Республикамиз ҳудудлари кесимида тизимли равишда давом эттирмоқда.