Молиявий хизматлар рекламаcи бўйича аниқ ва тўлиқ маълумот тақдим этилиши шарт
Рақобат қўмитаси ўз ваколатлари доирасида истеъмолчилар ҳуқуқлари ва реклама тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.
Олиб борилган мониторинг ва таҳлиллар давомида оммавий ахборот воситалари, интернет саҳифалари ҳамда ижтимоий тармоқларда қонунчилик талабларига зид, истеъмолчиларни чалғитувчи ёки нотўғри реклама ва ахборотлар жойлаштириш ҳолатлари ҳануз кузатилмоқда. Аксарият қонунбузарликлар молиявий хизматлар рекламаcида қайд этилмоқда.
🪧 Амалдаги “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 43-моддасига мувофиқ, молиявий хизматларга оид реклама:
• молиявий хизматлар рекламаси ёки улар ҳақидаги реклама тарзидаги ахборот;
• рекламадан фойдаланувчининг ишончини суиистеъмол қилмайдиган ва (ёки) рекламадан фойдаланувчининг тажрибаси ва билими етишмаслигидан фойдаланиш ниятини кўзламайдиган усулда тақдим этилиши;
• реклама қилинаётган хизматларга бевосита алоқадор бўлмаган ахборотга эга бўлмаслиги керак;
• ушбу молиявий хизматлар кўрсатиш учун шартномаларнинг муҳим шартларини очиб бериши керак.
Бироқ айрим ҳолларда рекламаларда банк омонат ва кредитлар бўйича фоиз ставкалари, муддати, минимал талаблар, қўшимча тўловлар, микроқарз шартлари, воситачилик ёки суғурта тўловлари ҳақида муҳим маълумотлар умуман келтирилмаяпти ёки қисқа, ноаниқ шаклда берилмоқда.
Шунингдек, молиявий хизматлар рекламаcида икки маъноли ифодалар, ошириб кўрсатиш ёки бошқа ташкилот номидан калит сўз сифатида фойдаланиш орқали истеъмолчи чалғитилмоқда. Бу эса, истеъмолчиларнинг товар (иш, хизмат) тўғрисида тўғри (тўлиқ) ва тушунарли маълумот олишга бўлган ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлмоқда.
Рақобат қўмитаси огоҳлантиради!
Молиявий хизматларга оид рекламаларда маълумотлар:
• аниқ ва тўлиқ бўлиши;
• ўқилиши осон шаклда берилиши;
• фон билан уйғун, ўқилиши қийин бўлган майда шрифтлар ёки яширин матн шаклида тақдим этилмаслигини таъминлаш зарурлигини эслатамиз.
шунингдек, рекламаларда нотўғри ёки чалғитувчи ахборотларни жойлаштириш ҳолатлари аниқланган тақдирда, тегишли тартибда молиявий санкциялар қўлланилишини маълум қиламиз.