Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази ҳамда Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу меморандум рақамли трансформация шароитида рақобат муҳитини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат бошқарувида замонавий технологияларни жорий этиш соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтиришни мақсад қилади.
Меморандум доирасидаги асосий йўналишлар:
✅ Рақобат муҳитини таҳлил қилиш ва рақамли платформаларни жорий этиш
✅ Big Data ва AI орқали давлат харидларини мониторинг қилиш
✅ Истеъмолчилар шикоятлари билан ишлаш жараёнларини автоматлаштириш
✅ Ахборот-маърифий кампаниялар орқали аҳоли хабардорлигини ошириш
✅ Қўшма тадқиқотлар, методик тавсиялар, семинарлар ва форумлар ўтказиш
✅ Рақобат ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги малакани ошириш
Шунингдек, Меморандум доирасида рақамли бозорларни таҳлил қилиш, шаффофликни таъминлаш ва рақамли ечимларни жорий этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.
Учрашув якунида Тадқиқотлар маркази директори Олимжон Жумаев Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази директори Анвар Мансуров билан ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумини имзолади. Ушбу келишув рақобат сиёсати ва рақамли трансформация соҳаларидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.