Давлат бюджети маблағлари ҳисобига имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг базавий нархлари оптималлаштирилишига эришилмоқда
Рақобат қўмитаси томонидан давлат ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари томонидан келишиш учун тақдим этилаётган нархлар ваколат доирасида ўрганиб чиқилмоқда.
Хусусан, 2023-2024 йиллар давомида республика давлат тиббиёт марказлари томонидан Қўмитага келишиш учун киритилган нархларнинг шаклланиши таҳлил қилинганда, ушбу нархларни шакллантиришда айрим харажатлар оптималлаштирилиши ҳисобига тиббий хизматларнинг базавий нархлар ўртача 5-20 фоизгача пасайтирилиши таъминланган.
Бунинг натижасида, 2023 йилда ўртача 60 млрд сўм бюджет маблағлари иқтисод қилиниб, давлат бюджетидан ажратилиши режалаштирилган маблағлар ҳисобидан қўшимча 5 минг нафар бемор (28 минг нафар ўрнига 33 минг нафар бемор)га тиббий хизмат кўрсатилиши таъминланди.
Шунингдек, 2024 йилдa эса ўртача 80 млрд сўм бюджет маблағлари иқтисод қилиниши натижасида, давлат бюджетидан ажратилиши режалаштирилган маблағлари ҳисобидан қўшимча 6 минг нафаргa яқин беморга тиббий хизмат кўрсатилиши таъминланди.
Маълумот ўрнида. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги 311-сонли қарорида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Жамғарма билан келишилган ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобига имтиёзли тоифага кирувчи шахслар даволанадиган касалликлар рўйхати ҳамда базавий нархларини касалликларни даволаш йўналишлари асосида барча тиббиёт ташкилотлари учун қайта тасдиқлаш ваколати берилган. (Ушбу даврга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5199-сон қарори талаблари асосида кўриб чиқилган.)