Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига истеъмолчилардан суғурта, савдо ва такси хизматлари бўйича келиб тушаётган мурожаатлар ўрганилиб, ижобий ҳал этиб борилмоқда
Мурожаатлар ҳудудлар кесимида
Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқарма Ш.Рашидов туманида яшовчи фуқаро Б.Ж. автоҳалокатдан сўнг “Gross Sug‘urta kompaniyasi” АЖ томонидан суғурта товони тўланмаётгани юзасидан мурожаат қилди. Ўрганишлар натижасида, фуқарога 20 800 000 сўм миқдорида суғурта товони тўлаб берилиши таъминланди.
Навоий вилояти
Ҳудудий бошқармага Хатирчи туманида истиқомат қилувчи фуқаро Б.М. Навоий шаҳрида харид қилган 6 млн сўмлик BIRYUSA музлаткичининг мотор қисмидаги носозлик боис бир неча бор савдо нуқтаси ва сервис марказига мурожаат қилди. Ўрганиш натижасида “Dynamic System Distribution” МЧЖ сервис маркази томонидан музлаткичдаги носозлик бартараф этилиши таъминланди.
Самарқанд вилояти
Ҳудудий бошқармага фуқаро А.Ж.дан мурожаат келиб тушди. У KIA автосалонидан сотиб олган автомашина 2025 йилда ишлаб чиқарилган бўлса-да, ҳужжатларда 2024 йил деб кўрсатилганини билдирган.
Мазкур мурожаат ўрганилиб, автомашина ҳужжатларини тўғрилаб расмийлаштириб берилиши таъминланди.
Тошкент шаҳар
Ҳудудий бошқармага Мирзо Улуғбек туманида яшовчи фуқаро Г.Н. “YandexGo UB” такси хизматидан фойдаланган вақтда икки маротаба ортиқча 32 500 сўм пул ечиб олингани ҳақида мурожаат қилди. Ҳолат “YandexGo UB” МЧЖ билан биргаликда ўрганилиб, фуқарога ортиқча ечиб олинган маблағ тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.