Ижтимоий тармоқ орқали “Андижон шаҳридаги “Висус” кўз касалликлари шифохонаси ёнида жойлашган филиалидан сотиб олинган дори воситалари қимматлигидан норозилик билдирганлик” бўйича мурожаат қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Андижон шаҳрида фаолият юритаётган “Farrux Farm Med” МЧЖда текшириш ўтказилди. Бунда, “Висус” кўз касалликлари шифохонаси ёнида жойлашган филиалидан сотиб олинган дори воситалари Оптинол гл.капли 0.4% 10 мл (глубокое увлажнение) дори воситасини 18.09.2024 йилдаги ҳисоб-фактураси орқали ҳар бир донасини 110 676,16 сўмдан сотиб олиб, 20 % устама (22 135,232 сўм) қўшган ҳолда 132 811,392 сўмдан сотиш учун рухсат этилган бўлса-да, 140 000 сўмга сотилган бўлиб, 7 188 сўмга оширилган.
“Ирифрин капли глазные” 2,5 % 5мл флакон-капельницы Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази тизимида чакана сотиш учун рухсат берилган нарх 83 965,42 сўмдан сотиш ўрнига 105 000 сўмга сотилган бўлиб, 21 034,58 сўмга оширилган.
Л-ОПТИК РОМФАРМ Капли глазные 0,5% 5мл флаконы дори воситаси Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази тизимида чакана сотиш учун рухсат берилган нарх 82 973,52 сўм бўлиб, дорихона томонидан 73 000 сўмга сотилиб, нарх оширилмаганлиги маълум бўлди.
Бундан ташқари, харид қилинган иккита маҳсулот (Retin-A капсула №30, Trimegavital Omega -3) биологик фаол қўшимча ҳисобланади, уларнинг нархи эса эркин шаклланади.
Шунингдек, Қўмитанинг ягона ахборот тизими орқали “Farrux Farm Med” МЧЖ томонидан дори воситалари нархлари оширилгани ҳақида келиб тушган хабарлар текширилганда 342 та ҳолатда истеъмолчилардан жами 2 млн. 704 минг 430,83 сўм ортиқча пул маблағлари олинганлиги аниқланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Farrux Farm Med” МЧЖга нисбатан Қўмитанинг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 12.10.2005 йилдаги 225-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларидан келиб чиқиб, иш қўзғатилмоқда.